ОДАМ САВДОСИ – ГЛОБАЛ МУАММО,
ундан сақланиш ўзимизга боғлиқ
Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кўплаб фуқаролар Қозоғистон, Россия Федерацияси ва бошқа республикаларга йўл олишади. Агар бу истакни амалга ошириш учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилинса фуқаро бундай ютқазмайди. Чунки, барча иш қонуний амалга оширилади.
Лекин... Фуқаролар доим ҳам чет элга иш излаб бориш жараёнида қонунга таянишмайди. Айрим одам савдоси билан шуғулланиб даромад топаётган шахслар ва гуруҳлар бундан устамонлик билан фойдаланишмоқда. Улар иш ишлаб келган фуқаронинг ҳужжатларини қўлга киритишиб, турли важларни рўкач қилишиб, уни роса ишлатишса-да, меҳнат ҳақини беришни пайсалга солишади. Баъзан меҳнат қилиб иш ҳақини талаб қилган фуқаро бундай шахслар ёки гуруҳлар томонидан жисмоний ва руҳий жазога дучор бўлади.
Маълумотлар кўрсатишича, жаҳон миқёсида одам савдосидан олинаётган даромад айланмаси йилига 19 миллиард доллардан ошиб кетган. Бу жиноятдан жабрланганларнинг 80 фоизини хотин-қизлар ва уларнинг фарзандлари ташкил этаётгани ачинарли ҳол.
Одам савдосига қарши кураш жаҳон миқёсида олиб борилаётганига қарамай дунёдаги 127 давлатда бу қабиҳ иш пинҳона олиб борилаяпти, 98 давлат эса ана шу ишни амалга оширишда транзит вазифасини ўтаяпти. Шунинг учун чет элда ишлаб даромад қилишни кўзлаган ҳар бир фуқаро бундай жиноий гуруҳлар кирдикорларидан ўзини ҳимоялаши, фақат қонун асосида чет элга ишга бориш йўлини танлаши зарур.
Мамлакатимизда одам савдоси қурбонларини аниқлаш, ҳимоя қилиш, шундай жиноятлар қурбонига айланган фуқароларга тиббий, психологик ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш, одам савдосига алоқадор шахсларни аниқлаш, тергов қилиш ва жавобгарликка тортиш борасида тизимли иш йўлга қўйилган. Шунингдек, бундай жиноятларни содир этишга имкон бераётган шарт-шароитлдарни бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмоқда. Бундан мақсад аниқ, фуқаронинг ҳуқуқлари бузилмаслиги, унинг одам савдоси қурбонига айланиб қолмаслигини таъминлашдир.
Н.НОРАЛИЕВ,
вилоят ҳарбий прокурорининг катта ёрдамичиси,
адлия лейтенанти.