Хусусий тадбиркорлик субъектида иш юритаётган ёки оилавий тадбиркорликни йўлга қўйган бўлсангиз, фаолиятингиз билан боғлиқ муаммолар юзага келиб қолгудек бўлса, у ҳолда нима қилишни, кимга мурожаат этишни билмай хуноб бўляпсизми? Шунда амалий кўмаклашувчи ташкилот ёки мутасадди идоралар борми, бор бўлса қай тартибда мурожаат қилинади, деб қизиқяпсизми? Кўпчилик тадбиркорларни қийнаётган шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси қошидаги туман “Тадбиркорликка кўмаклашиш маркази” унитар корхонаси директори Мухиддин Темиров билан суҳбатлашдик.
“Тадбиркорликка кўмаклашиш маркази” Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 7 июлдаги “Ўзбекистон Савдо-саноат палатасини ташкил этиш тўғрисида”ги ПФ-3453-сонли Фармони асосида ташкил топган, -дейди Мухиддин Темиров. –Жорий йил Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 9 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида ЎРҚ-483-сон янги таҳрирдаги Қонун ишлаб чиқилди. Палатамиз томонидан мазкур Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тадбиркорларга амалий кўмак кўрсатилади.
“Тадбиркорликка кўмаклашиш маркази”нинг асосий мақсадлари нималардан иборат?
Асосий мақсадлари шулардан иборатки, тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратади. Ишбилармонлик муҳитини такомиллаштиради. Палата аъзолари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади. Шунингдек, тадбиркорларнинг хорижий ҳамкорлар билан алоқаларини йўлга қўйишга кўмаклашади.
Палата аъзолари учун афзаллик ва имкониятлар, тадбиркорлар ҳуқуқий ҳимояси ҳақида гапириб ўтсангиз.
Солиққа тортиш, божхона, хўжалик ҳуқуқи, банк, қурилиш ва бошқа бизнес соҳаларига оид қонунчилиги бўйича маълумотлар олади. Давлат органларида ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинади. Давлат божини тўлашдан озод этиш билан судларга даъво аризалари киритилади. Палата ходимлари турли назорат қилувчи органлар тадбиркорлар фаолиятини текширишда иштирок этишади. Бундан ташқари, имтиёзли шартларда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги ҳакамлик судларида ишлар кўриб чиқилади.
Аъзолик ва мурожаатларни кўриб чиқиш қай тартибда амалга оширилади?
Дастлаб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар идорамизга келиб, аъзо бўлишади ва аъзолик бадал суммасини тўлашади. Кейин уларнинг ҳуқуқий ҳимоясига доир муаммо ва масалалар ечими топилади, ҳал этиш бўйича тегишли тартибда шуғулланилади.
Муаммо ва масалаларни ҳал этиш борасида қилинаётган ишлардан мисоллар келтирсангиз.
Яқинда Булунғур “Агросервис МТП” МЧЖ директори Фазлиддин Жўраев давлат божини тўлашдан озод этиш билан судга даъво аризаси киритиш бўйича мурожаат қилди. Бунда МТП томонидан зарур техника воситалари ёрдамида фермер хўжалик далаларидаги ғалла ҳосили ўриб берилган. Фермер хўжаликлари эса тўловларни амалга оширмаган. Натижада, дебитор қарздорлик келиб чиққани маълум бўлди. Палата томонидан тегишли имтиёз асосида судга даъво аризаси киритилиб, МТПнинг судга тўланадиган дебитор қарздорлигининг 1 фоиз миқдоридаги давлат божидан озод қилинди.
Туман кесимида ҳал этилмай қолган муаммолар ҳам учраб турадими? Бундай ҳолларда қандай чора-тадбирлар кўрилади?
Ҳа, баъзи ҳолларда бундай вазият ҳам юзага келиб туради. Бунга бир мисол. 5-6 нафар тадбиркорларнинг мурожаатлари бўйича тегишли ташкилотларга оғзаки ва ёзма асосда чиқилганди. Айрим ташкилотлар рад жавобини беришди ва масала ҳал этилмай қолди. Шундан сўнг, уларнинг маълумотлари шакллантирилиб, палатанинг вилоят ҳудудий бошқармасига юборилди.
Палатанинг яна қандай қулайликлари мавжуд?
Товарлар ва хизматлар экспортини қўллаб-қувватлаш, чет эл инвестицияларини жалб этиш, кадрларни ўқитиш ва қайта тайёрлаш каби имкониятлар ҳам мавжуд бўлиб, улар тадбиркорлик фаолияти ривожи учун хизмат қилади.
Мазмунли суҳбат учун раҳмат!
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ суҳбатлашди.