СУВсиз ҳаёт йўқ. Нафақат инсониятнинг, балки бутун борлиқ, табиатнинг тириклиги ҳам сувга боғлиқ. Ҳаттоки биз севиб истеъмол қиладиган, дунёдаги барча таомлар ичида энг азиз саналган нон ва нон маҳсулотлари тайёрлашда ҳам сувнинг алоҳида ўрни бор.
Биз табиатнинг Аллоҳ инъом этган энг сўлим масканида яшаймиз. Юртимиз виқорли тоғлар, гулу-гиёҳлар, ям-яшил қир-адирлар, тилими тилни ёрадиган қовун-у-тарвузлар, узум-у-анжир, олма-ю-анор, мева-ю-сабзавотлар ҳамда буғдо-ю-пахта битадиган серунум майдонлардан иборат. Бироқ... бугунги кунда баъзи юртдошларимизнинг она табиатга муносабати, атроф-муҳит муҳофазаси тўғрисидаги билимлари саёзлиги туфайли, уларнинг табиатга беписандлик билан қарашлари натижасида инсоният учун табаррук саналган она табиатимизнинг табиий ҳуснига путур етмоқда. Бугун ушбу мақоламизда тириклик манбаи саналган бебаҳо бойлигими - тоза ичимлик суви ҳақида фикрларимиз билан ўртоқлашмоқчимиз.
Маълумотларга қараганда дунёдаги барча сув миқдорининг атиги икки фоизинигина ичимлик суви ташкил этар экан. Яратганга минг бора шукрки, юртимизда эҳтиёжимизга яраша, ҳаттоки ундан ҳам кўп ичимлик суви заҳираси мавжуд. Сиз билан биздан эса табиат инъом этган бу бойликни авайлаб-асраш, меъёрида фойдаланиш, исроф қилинишига йўл қўймаслик ҳамда келажак авлодга ҳам табиий тоза ҳолда етказишдек улкан вазифа юкланган.
Маълумки, кичик Осиёдаги айрим давлатларда ичимлик суви заҳираси йўқлиги туфайли қўшни давлатлардан катта маблағлар эвазига келтирилиб, аҳолисини ичимлик суви билан таъминлашади. Узоққа бормайлик, юртимизнинг айрим сув тақчил ҳудудларида ҳали ҳам ичимлик суви заҳираси бўлмаганлиги боис аҳолига махсус техникаларда ва трубалар орқали бир неча километр узоқликдан ичимлик суви олиб келиб таъминлашмоқда. Имконияти бўлган ҳудудларда эса янгидан-янги артезиан қудуқлари қазиб берилмоқда. Айрим дашт ҳудудларда эса аҳоли бир неча юз метр чуқурликдаги қудуқлардан сув тортиб, тоғли ҳудудларда эса булоқ сувларидан фойдаланишаётганлиги сир эмас. Очиқ айтишимиз керак, сиз билан бизга қараганда улар ичимлик сувининг қадрига кўпроқ етади. Нега дейсизми? Чунки, улар юз метр чуқурликдаги қуқуқлардан тортиб олаётган ичимлик сувини олиб келиб ҳовлисига сепмайди, машинасини ювмайди, қишлоқ хўжалик ва полиз маҳсулотларини совутиш учун ичимлик сувига солиб қўйишмайди.
Туманимизнинг деярли барча ҳудудларида аҳоли артезиан қудуғидаги тоза ичимлик сувидан фойдаланишади. Бироқ, барча жойда ҳам ушбу ичимлик сувидан ўринли фойдаланишаяпти, деб бўлмайди. Кўчалардаги водопровод жўмракларидан оқиб тушаётган сувларга ҳар қадамда дуч келамиз. Унга жўмрак ўрнатиш, ёки жўмраги мавжуд бўлса уни бураб қўйиш эса ҳаёлимизга ҳам келмайди. Бунга одатланиб қолганмиз. Чунки, олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ...
Сўнгги йилларда кўпчилик ҳудудларда электр энергиясида тез-тез узилишлар бўлганлиги ҳамда артезиан ускуналари туну-кун ишлаганлиги боис носоз ҳолга келиб қолаётганлиги туфайли аҳолига ичимлик суви вақти-вақти билан, яъни эрталаб ва кечқурунлари соатбай оқизилмоқда. Бу тўғри, албатта. Негаки, бунда аввало, ичимлик суви иқтисод қилинади, қолаверса, электр энергияси тежалади. Шундай бўлсада, ҳали-ҳануз ичимлик суви исроф қилинмоқда.
Туманимиз ҳудудида юзлаб артезиан қудуқлари мавжуд. Улардан оқиб тушаётган тоза ичимлик сувлари кўча ва ҳовлиларга сепилмоқда, ҳайдовчилар шахсий автомобилларини ювишмоқда, томорқаларида етиштирилаётган қишлоқ хўжалик экинларини суғоришмоқда, қишлоқ хўжалик ва полиз маҳсулотларини совутиш учун жўмракларни очиб қўйишмоқда, ариқларга беҳуда оқизилмоқда. Бепарвомиз, бирор киши “ҳой, барака топгур, водопроводнинг жўмрагини беркитиб қўй, сувни исроф қилма. Ахир сувнинг ҳам уволи бор-ку” ,демайди.
Мавжуд артезиан қудуғининг ҳар бирининг 25-30 тонна сув заҳирасини тўплаб, сақлайдиган махсус идиши (башня) мавжуд. Битта артезиан қудуғидан чиқаётган ичимлик суви ўртача 40-50 та водопровод тармоғига сув етказиб беради. Бундан эса 400-500 нафар фуқаро фойдаланади.
Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, бир дона водопровод жўмрагидан бир дақиқада қанча миқдорда сув оқиб тушади ва унинг қанчаси исроф бўлади. Биз ўзимизча ҳисоб-китоб қилдик: бир жўмракдан бир дақиқада ўртача 10 литр сув оқар экан. Демак, эрталаб бир соат артезиан қудуғи ишлаб турса 600 литр сув оқар экан. Бу биргина водопровод жўмрагидан оққан сув. Буни бир артезиан қудуғидан таралаётган 40 дона водопровод жўмрагидан оқиб тушаётган сувга кўпайтирсак 24 тонна бўлар экан. Бу биргина эрталабки бир соатда оққан сув. Энди бунга кечқурунги бир соат оққан сувни ҳам қўшсак 48 тонна бўлар экан. Демак, бир суткада икки соат ишлаган артезиан қудуғидан чиқарилган сув миқдори ўртача 48 тонна. Энди шу битта артезиан қудуғидан фойдаланаётган 100 та хўжалик истиқомат қилишини ҳисобга олсак, уларнинг кундалик эҳтиёжлари учун ўртача бир кунда 100 литрдан сув истеъмол қилса, бир суткада 10 тонна сув керак бўларкан. Бундан келиб чиқадики, 48 тонна сувдан 10 тонна истеъмол қилиш учун зарур бўладиган сувни чиқариб ташласак, демак бир кунда 38 тонна тоза ичимлик суви бошқа турли мақсадларга ишлатилиб, исроф қилинмоқда. Бу рақам эса бир ойда 1140 тонна бўлади. Энди буни юзлаб артезиан қудуқларидан чиқарилаётган сув миқдорига кўпайтирсак юз минг тоннадан ошиб кетади. Ундан сўнг бу рақамни бир йилга кўпайтирсак-чи? Мана сизга тиллога тенг табиий бойлигимиз саналган тоза ичимлик сувига бўлган муносабатимиз.
Мамлакатимизда аллақачон тоза ичимлик сувини тежаш, уни исроф қилмаслик, қадрига етиш, меъёрида фойдаланиш учун бир қанча чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Ҳар бир артезиан қудуғига сарф этилаётган электр энергиясини ҳисобга олувчи электр ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда. Аҳоли хонадонлари, ташкилотлар, корхоналар ва муассасаларда водопроводларга ҳисоблагичлар ўрнатилган. Бу ишлар шаҳар ва туманлар марказларида анча яхши йўлга қўйилган. Бироқ... ҳали қишлоқ жойларда бу ишлар охирига етказилганича йўқ. Шундай бўлса-да, ҳозирча аҳолига ҳовлидаги ҳар бир водопровод тармоқларига жўмрак ўрнатишлари лозимлиги, тоза ичимлик сувининг бир қатрасини ҳам исроф қилмаслик, сув бу – ҳаёт эканлиги хусусидаги тарғибот-ташвиқот ишларини янада жонлантиришимиз керак. Бу борада биз истеъмолчилардан кўп нарса талаб этилмайди. Фақатгина ҳовлиларимиздаги водопровод тармоқларига жўмрак ўрнатиб, истеъмолга яраша сувни олиб бўлгач жўмракни бураб қўйсак бўлгани. Шу билан биз ҳам тоза ичимлик сувининг, ҳам миллионлаб маблағларнинг тежалишига ҳиссамизни қўшган бўламиз. Қачонки ҳар бир фуқаро тоза ва табиий ичимлик сувининг қадрига етиб, ана шу масъулиятни дилида чуқур ҳис қила олсагина биз кўзланган мақсадга эришамиз.
Саид ТУРДИЕВ,
Тўлқин ШЕРБОЕВ.