ҲИМОЯ - ФОЙДА
Инсон шундай яратилганки, қаҳратон совуқда ҳам, жазирама иссиқда ҳам тана ҳароратини бир хил даражада ушлаб туради - 36,2-37,2 С. Организм ҳар қандай иқлим шароитларига мослашиш хусусиятига эгадир. Ўзбекистон иқлимига хос бўлган ҳавонинг қуруқлиги ҳамда мўътадил эсиб турадиган шабада танадан терлаш йўли билан иссиқлик ажралишига, тананинг иссиқ иқлим шароитига мослашишга ёрдам беради.
Ёзнинг жазирама иссиғи, айниқса, юрак-қон томир касалликлари ҳамда семизликка чалинган инсонлар саломатлигига таъсир қилиши ва улардаги сурункали кечаётган касалликларнинг авж олишига сабаб бўлиши мумкин. Сабаби – иссиқ иқлим, юқори ҳарорат юрак-қон томир тизимининг зўрикиб ишлашига олиб келади. Шунинг учун турли хил нохуш асоратларнинг олдини олиш мақсадида тана вазни меъёрдан ортиқ бўлганлар, юрак-қон томир касалликларига чалинган инсонлар жазирама иссиқ иқлим шароитида дам олиш ва меҳнат қилиш режимига ҳамда овқатланиш тартибига алоҳида эътибор қаратишлари зарур.
Маълумки, жисмоний зўриқиш танада иссиқлик ишлаб чиқарилишини кучайтиради ҳамда тананинг янада қизишига сабаб бўлади. Шунинг учун очиқ ҳавода олиб бориладиган жамики жисмоний меҳнат фаолиятларини кунниг салқинроқ вақтларига (эрта тонгдан 11гача) ёки кечки салқинга ( соат 17дан – 20гача) мўлжаллагани маъқул. Тушлик, яъни куннинг энг иссиқ вақтларида, салқин хоналарда бўлиши мақсадга мувофиқдир.
Кунлик рацион енгил ҳазм бўладиган таомлардан иборат бўлиши керак. Ёғлик таомлар ҳамда ширинликлар танада энергия ҳосил бўлишини кучайтиради ва тананинг қизиб кетишига сабаб бўлади, шунингдек, иссиқлик таъсирида сустлашган ошқозон-ичак тизими фаолиятини зўриқтиради. Жазирама иссиқ кунларда суюқ таомлар, айрон, қатиқ, кефир каби сут маҳсулотлари, мева ва сабзавотларни истеъмол қилиш, терлаш натижасида организм йўқотадиган сув ва зарур моддалар - оқсил, витамин ва минерал тузлар ўрнини қоплашда муҳим аҳамият касб этади.
ФОЙДАЛИ ИЧИМЛИКЛАР
Кўк чой чанқоқни яхши қондиради, ўзидаги витамин ва минерал моддалар ҳисобига инсонга куч бағишлайди, шунингдек, ошкозон-ичак йўлидаги касаллик қўзғатувчи микробларни ўлдиради, дизентерия ва бошқа юқумли ошқозон-ичак касалликларидан ҳимоя қилади.
Шакарсиз компотлар, айрон, нордон меваларнинг шарбатлари кучли чанқоқбосди ичимликлар бўлиши билан бирга терлаш натижасида йўқотилган витамин ва минерал моддаларнинг ҳам ўрнини қоплашда ёрдам беради. Ширин ва қуюқ мева шарбатлари (ўрик, шафтоли ва узум) аксинча чанқоқни кучайтиради.
Лимонли чой дастлаб танани бир оз қиздириш, сўнг кучли терлатиш билан анча вақтгача танани қизишдан сақлайди, шунингдек, сув ва туз балансини сақлашда ёрдам беради.
ШИРИН ИЧИМЛИКЛАРНИ ЧЕКЛАНГ
Улардаги сунъий бўёқлар, турли хил маза берувчи қўшимчалар ва шакар чанқоқни кучайтириши мумкин, уларни кўп истеъмол қилиш эса зарардир.
Зинҳор қайнатилмаган сувни ичманг, унда турли хил юқумли ошқозон-ичак касалликларини чақирувчи микроб ва вируслар бўлиши ва улар қорин тифи, вабо ва бошқа юқумли касалликларни чақириши мумкин. Минерал сувлар, қайнатиб совутилган сув ичиш мақсадга мувофиқ.
ЖАЗИРАМАДА ҚАНДАЙ КИЙИНИШ КЕРАК?
Жазирама иссикда тавсия этиладиган кийимлар:
Ҳавони яхши ўтказадиган, терни шимадиган, қуёш нурини қайтарадиган ва терига ўтишига йўл қўймайдиган кийимлар кийган маъқул. Кийимлар кенг тикилган ва танага ёпишиб турмайдиган бўлиши керак. Ип-газлама айнан шундай хислатларга эгадир.
Қора ва жигар ранг газмолдан тикилган кийимлар ўзига иссиқлик ва қуёш нурини кўп тортади, оқ рангли газмолдан тикилган кийимлар эса иссиқ ва қуёш нурини қайтариш хусусиятига эга. Имкон даражасида кийим танлашда газмолнинг рангига эътибор бериш лозим.
ҚУЁШ НУРИДАН МЕЪЁРИДА ФОЙДАЛАНИНГ
Қуёш нури таъсирида организмда рахит касаллигининг олдини олувчи «Д» витамини ҳосил бўлади. Бироқ бош кийимсиз тик қуёш нурида узоқ туриш иссиқлик уришига, баъзида катарактанинг ривожланишига олиб келиши мумкин. Терини жазирама иссиқ шароитларда ҳимоя қилмаслик униннг куйишига, бу жараённинг узоқ давом этиши эса, тери ракига ҳам олиб келиши мумкин.
Айниқса, болалар қуёшнинг ультрабинафша нурларига ўта таъсирчан бўладилар. Шунинг учун улар жазирама иссиқ вақтларда сояда бўлишларига аҳамият бериш керак. Соябони кенг бош кийимлар кийиш ва офтобдан сақловчи қора кўзойнаклар тақиш қуёшнинг ультрабинафша нурларидан сақлайди.
Ҳаво ҳароратининг мунтазам кўтарилиши организмнинг мослашув жараёнини издан чиқариши ва тананинг қизиб кетиши натижасида юзага келадиган касаллик ҳолатларининг ривожланишига олиб келиши мумкин.
ИССИҚ УРИШИ
Бу ҳолат одамда тана ҳароратининг жуда ҳам кўтарилиб кетиши, алаҳсираш, тиришиш-тортишиш ва баъзида ҳушдан кетиш ҳолатлари билан кечади. Бу ҳолат қария ва болаларда, организмнинг юқори ҳароратига мослашув жараёнларининг сустлиги натижасида кузатилади. Айниқса, юрак-қон томир тизимида касалликлар мавжуд бўлган одамларда ҳам иссиқ уриши хавфи юқори бўлади. Иссиқ уришида биринчи ёрдам тана ҳароратини туширишга қаратилган бўлиши керак.
Иссиқлик уришида кўнгил айниши, бош айланиши, қулоқнинг шанғиллаши, баъзида эса ҳушдан кетиш ҳолатлари кузатилиши мумкин.
БУНДА НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?
Зудлик билан “Тез ёрдам” чақириш, шифокор келгунга қадар тезликда салқин жойга ўтиш, ён бошлаб ётқизиш лозим. Бошга сочиқни ҳўллаб қўйиш, бўйинни сиқиб турган ёқадан бўшатиш, тор, қисиб турган кийимларни ечиш зарур.
Бемор ўзига келса сув ичириш зарур бўлади.
Зиёда САТТАРОВА,
Фотима ҒУЛОМОВА,
ТТБ Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш
ва жисмоний фаолликни ошириш бўлинмаси шифокорлари.