Мусулмон оламининг гултожи ҳисобланмиш “Қуръони карим”нинг оятларида, муқаддас китобларимизсаналмиш “Ҳадислар”да, хусусан Ислом динида садақа беришдан кўра қарз беришнинг савоби кўпроқ эканлиги, зеросадақа ва эҳсонлар ихтиёрий равишда муҳтож, номуҳтож кишиларга ҳадя этилиши, аммо қарз эса фақат муҳтож кишиларга, ёхуд каттароқ бир муддаосини амалга оширишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган кимсаларга вақтинчалик бир муддатга бериладиган омонат эканлиги борасида дин пешволари, олиму-фузолалар томонидан каттаю-кичик маъракаларда кўп гапирилади, тарғибот-ташвиқот қилинади.Бундан ташқари, қарз беришниг савоб ҳамдафазилатлари хусусида бошқа кўплаб ҳадису-шарифлар вожиб бўлганлиги ҳақида ҳам кўп эшитганмиз.
“Кимки қиёмат кунининг қийинчиликларидан Аллоҳ менга нажот берсин деса, қарз олиб, қайтаришга қийналиб турган қарздорнинг тўлаш муддатини узайтириб қўйсин ёки қарзидан бутунлай кечиб юборсин”. “Қуръону карим”нинг оятларидан бирида зикр этилган бу илоҳий фикрлар ҳам қарз берувчи билан қарз олувчининг ўртасидагибу нозик, шу билан бирга қалтис масаланингАллоҳ ҳузурига чоғланишидан олдин яна бир бор ўзаро келишувига имконият берилаётганлигидан, бир бирларига бўлган кечиримлиликлари, рози-ризолигидан далолатдир, албатта. Бошқача айтганда, мана шундай қилинган тақдирда икки томондаги хом сут эмган банда - мўмин-мусулмон ҳам Аллоҳ қаршисида ўзларини маънан пок ҳис этадилар. Қалблари турли хил ғуборлардан, гумону-шубҳалардан тозаланиб, ҳузурланадилар.
Яна бир оятда “Кимки камбағалнинг қарзини узиш муддатини узайтириб қўйса, соя бўлмайдиган, инсон зоти чидай олмайдиган азоб-уқубатли кунда (қиёматда) Аллоҳ таоло унга Арш остидан соя бахшэтади. Узиш нияти билан қарз олган кишининг қарзини Аллоҳнинг ўзи узади. Қайтармаслик нияти билан қарз олган кишининг бойлигини Аллоҳ барбод этади. Қодир (имкони) бўла туриб олган қарзинибермай юришлик, қарз берувчига қилинаётган зулмдир”, дейилган. Кези келганда айтиш жоизки, “Қуръону карим”даги оятларни ўқир экансиз зулмни равокўришлик эса инсон бандаси учун қилинадиган ҳар қандай ёвузликлардан ҳам дахшатлироқ кўргулик эканлиги зикр этилади. Мана, муҳтарам газетхон, юқоридаги оятларда келтирилган фикрларнинг мағзини чақиб кўраверинг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бошлиғи, муфтий Усмонхон ҳожи Алимовнинг 2012 йилда Тошкент шаҳридаги “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти томонидан чоп этилган “Қуръону карим”нинг маънолари таржимаси ва тафсирига бағишланган “Тафсири Ирфон” китобининг 307-310-бетларидаги “Бақара” сурасида ҳам бу хавфли иллатнинг “олди берди”си ҳақида, шунингдек, қарзни ўз вақтида қайтармаслик мусулмон оламидаги, мўмин-мусулмонлар ўртасидаги энг катта хиёнат эканлиги, қарзини қайтармаган кишининг охирати куйиб кетишлиги хусусида батафсил фикр юритилади:
Жумладан, 282-оятда “...Маълум бир муддатга ўзаро қарз муомаласи қилсанглар, уни ёзинглар, ораларингиздан бир котиб инсоф билан ёзиб борсин. Қарз олувчи Аллоҳдан қўрқсин. Агар қарз олувчининг ақли паст, нотавон ёки лаёқатсиз бўлса, ҳомийи (ишонган кишиси) тўғри ёздирсин. Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинглар. Агар икки эр киши бўлмаса, ўзларингизга маъқул бир эр, икки аёл гувоҳ бўлсин. Гувоҳлар чақирилганида рад этишмасин. Муомалани муҳлатигача ёзишдан эринманглар. Котиб ва гувоҳга зарар етмасин. Аллоҳдан қўрқинглар. Аллох сизларга билдирувчи ва ҳар нарсани билгувчидир”. Бу шарафли оят “Қуръону карим” оятларининг энг узунидир, яъни “оятул -мадойина”, дейилади. Бундан ташқари, қарз муомаласи даврида икки тараф ўртасида жанжал чиқмаслиги, ортиқча оворагарчиликлар, асаббузарликлар бўлмаслиги учун алоҳида мукаммал бир қоида ҳам баён этилиб уларнинг бу қоидага қатъий амал қилишликлари алоҳида таъкидланади.
283-оятда “ ...Сафарда бўлсанглар ёки котиб топа олмасанглар, қўл тутгулик гаров бўлсин. Яъни, қарз эвазига нақд гаров берингиз. Агар баъзингиз баъзингизга ишониб омонат қўйсангиз ишонилган омонатни қайтарингиз. Парвардигори Аллоҳдан қўрқинг. Гувоҳликни яширманглар, ким уни яширса, дили гуноҳкор бўлғувсидир ва Аллоҳ қилаётган ишларингизни билгувчидир”. Омонатга хиёнат қилиш, уни эгасига бермаслик юқорида таъкидланганидек, Ислом динида қаттиқ қораланган. Аллоҳ таоло: “Аллоҳ сизларга омонатларни эгаларига топширишликни буюради...”, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса: ”Сизларга ишонганга омонатни топширинг, сизга хиёнат қилганга хиёнат қилманг”, деганлар. Яна бир Ҳадисда: “Омонатдорлиги йўқнинг имони йўқдир, вафоси йўқнинг дини йўқ”, дейилган. Бошқа бир диний манбаларда: “Гаров (рахн) - қарз олганда ишонч учун қарз беручига қўйилган нарсанинг номи. Байъ ҳам гаров каби “ижоб ва қабул” орқали икки томоннинг розилиги билан амалгаоширилади”, деб алоҳида таъкидлаб ўтилган.
Қарз олди-бердиси ҳақида, қолаверса омонатга хиёнат қилишнинг зарарли.
оқибатлари, шунингдек, Ислом динида қаттиқ қораланган бу мудҳиш иллат туфайли юзага келадиган дилхираликлар хусусида туман бош имом хатиби Тўлқин Равшановнинг фикрлари билан қизиқдик:
- Ҳақиқатдан ҳам муҳтож кишига вақтинчалик қарз бериб туриш энг улуғ ва савоб ишлардан бири саналади. Яъни, қарз олиш орқали унга муҳтож кишининг бир муддаоси ёки ўз олдига қўйган бир мақсади ҳал бўлади, яъни бир мушкул иши битади. Нега энди лабз қилиб олган қарзни ўз вақтида қайтармаслик керак? Ёки карз олиб қарзини умуман бермай қўйганлар кам дейсизми? Бундай қилиш, қарз берган кишининг кўзига “чўп тиқиш” ўта кетган мунофиқликдир. Динимизда, қолаверса, “Ҳадислар”да мунофиқлик қаттиқ қораланади.
Мунофиқнинг учта асосий белгиси бўлади. Биринчидан, омонатга хиёнат қилади. Иккинчидан, юзингига тик қараб ёлғон гапиради. Учинчидан, сизга ваъда бериб ваъдасининг устидан чиқмайди. Энг ёмони, мана шундай мунофик кишилар туфайли яқин қавму-қариндошлар, ёру-дўстлар, ҳатто туғишган ака-укалар ўртасига совуқлик тушади. Бу иллат туфайли бир-бирлари билан юзкўрмас бўлиб кетганлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Сир эмас, вазифамиз тақозаси туфайли қарзини ололмаётган кўпчилик кишилар шахсан менга, қолаверса жойлардаги имом хатибларимизга ҳам мурожаат этишади.
Айрим ҳолларда қарз олган кишиларни ҳам чақириб гаплашишимизга тўғри келади. Уларга қарзни вақтида қайтармасликнинг зарарли оқибатларини шариат нуқтаи назаридан тушинтирамиз. Фикримиздан тўғри хулоса чиқариб инсофга келганлар ҳам бўлади. Аксарият ҳолларда эса бу уринишларимиз беҳуда кетади. Қарзнинг яна бир ёмон иллатлиги шундаки, ҳатто майитни сўнгги йўлга кузатиш чоғида ҳам, жаноза ўқиш жараёнида унинг бўйнидаги қарзини (қарзи бўлса) соқит қилиш мақсадида фарзандларидан ёки яқинларидан “Мабода отангизнинг, онангизнинг ва ҳоказо... қарзи бўлса, қарз берган киши гувоҳлари билан келиб омонатини талаб қилса, узасизми”?, деб сўраймиз. “Албатта, узаман”, деган жавобни эшитамиз. Минг афсуски, халойиқ олдида майитнинг қарзини узаман, деб кейин эса “Қарзингизни ҳаётлигида олинг эди”, деб лабзидан тониб турганлар ҳам топилади. Бу ҳам мунофиқликнинг бир белгиси эмасми?
Қисқаси, қарз олиндими, уни вақтида қайтаришлик шартдир.Бунинг диний, замонавий томондан ҳам ечими шудир.
Энди “Айтсам тилим, айтмасам дилим куяди”, деганларидай, қарз олди-бердиси билан боғлиқ бевосита ўзим гувоҳ бўлган учта воқеа хусусида тўхталиб ўтишни лозим топдим. Бундан ўн йилча бурун Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган амаки укамникига меҳмон бўлиб бордим. Ҳозир у олий ўқув юртида дарс беради. Топиш-тутиши ҳам ёмон эмас. Адолатпарвар, ноҳақликка чидай олмайдиган, тўғрисўз йигит. Шу боис унга ҳурматим баланд. Кечки тамадди маҳали ёқ бу ёқдан гурунг қилиб тургандик, ташқи эшик қўнғироғи чалиниб қолди. Укамиз меҳмонни кутиб олди. Уни кўрмасданоқ овозидан танидим. Кўп ўтмай қўлида икки-учта “пакет” кўтарган меҳмон даврамизга қўшилди. У ҳам қўшни тумандан. Ўқишни тугатгандан сўнг пойтахтдан уйланиб, ишлаб қолганди. Илгари ҳам у билан укамизникида бир неча бор бирга ҳамсуҳбат бўлганмиз. Иккисининг ўртасидан қил ўтмасди. Ўзига бақувват, ҳовли жой, машина, деганларидай, ҳеч кимдан кам эмас. Табиатан хушчақчақ, ҳазилкаш ва уддабурон бу йигитнинг ҳар бир ҳаракатида укага тилёғламачилик, хушомад қилиш, ялтоқланиш аломатлари яққол сезилиб турарди. Менга бир қараб олдида “Бу киши ҳам бегона эмас , очиқча гаплашаверамиз”, деб мақсадга кўчди. Укамизга юзланиб:
- Дўстим, бир илтимос билан келгандим, йўқ демайсиз энди, - деди.
Хонадон соҳиби “Қанақа илтимос”, дегандай савол назари билан унга боқди.
Меҳмон сўзида давом этди.
- Шу десангиз, ён қўшним уйини сотадиган бўлиб қолди. Кейин бундай қулай фурсат бўлмайди. Биламан, машина оламан, деб йиғиниб юрибсиз. Бир ой муддатга 5 минг доллар қарз бериб турсангиз, машинамни шошиб арзон сотиб қўймай деяпман.
Укам бир нуқтага тикилиб, бир оз ўйланиб қолди. Сўнгра: “Қандай бўларкин, тўғрисини айтсам пулим йўқ эмас. Сиз нима дейсиз”, дегандай менга қаради. Мен елка қисдим. Меҳмон менга юзланиб:
- Мана бу киши гувоҳ, қарзингизни муддатига қайтараман, ишонаверинг...
У тилёғламачилик қиларди. Хуллас укамиз йўқ, дея олмади. Қўшни хонада келин билан бир муддат “пичирлашиб”, хиёл фурсат ўтгач сўраган долларини олиб чиқиб дўстига берди. Муроди ҳосил бўлган дўстининг оғзи қулоғида эди. Менинг юрагим эса “шув”, этиб кетди. Гурунгимиз яна давом этди. Кейин дўсти кеч бўлганлигини айтиб, кетишга рухсат сўради. Меҳмон кетгач, укамга:
- Яхши иш қилмадингда ука, камроқ берсанг ҳам бўларди-ку, - дедим...
Орадан беш- ўн йил ўтиб кетди. Бу воқеа менинг ҳам хаёлимдан кўтарилди.
Тошкентда бўлаётган каттаю-кичик маъракаларга борганимда сезишимча “икки дўст” умуман салом-аликқилишмасди. Бир-бирларига бегоналардек ётсираш қилишаётганлиги шундоқгина кўриниб турарди. Ораларидан аллақачон ола мушук ўтиб бўлганди.
Яқинда Тошкентга борганимда укамнинг иш жойига бордим. Соя-салқин жойга бориб, бир пиёла чой устида бафуржа суҳбатлашдик. Суҳбат асносида ундан сўрадим:
- Мен гувоҳ бўлган ўша воқеага ҳам ўн йиллар бўлди чамамда. Дўстинг билан гаплашмай, алоқани узганга ўхшайсан. Ўртадаги қарзларинг нима бўлди, бердими-йўқми?
Амаким саволимга жавоб беришни хоҳламагандай, хиёл фурсат ўйланиб қолди. Юзлари тундлашди. Сўнг оғир бир хўрсиниб:
- Қаёқда дейсиз, долларни қўлим билан бериб, ўн йилдан бери оёғим билан югураман. Қарзимни қистаб уйига боришдан армоним қолмади. Эрта-индиндан нарига ўтмайди. Нима қилишга ҳам ҳайронман, бошим қотиб қолди. Энди “ўлмасам бераман”га ўтиб олган. Уйда келинингиз таъна қилиб қўймайди. Қарзимни унутишга ҳаракат қиляпман, лекин бўлмаяпти, - деди.
Баъзида ўрталарида бирон бир ”сир” борми, деб ўйлаб қоламан. Бўлмаса бир ой муддатга, деб менинг гувоҳлигимда олган катта миқдордаги қарзини қандай бермаслиги мумкин. Бу ўтакетган разиллик эмасми?
Бир куни ён қўшним нолиб қолди:
- Йўл-йўриғни яхши биласиз. Сиздан бир маслаҳат сўрасам. Тўрт-беш йил бўлди. Яқин бир қариндошимиз ҳафта-ўн кун ичида қайтараман, деб мендан қарз олганди. Қарз олган пулига ҳозирги кунда битта мол ҳам бермайди. Нима қилсам экан, қилмаган амалим қолмаяпти. Сўкиниш у ёқда турсин кейинги пайтларда ёқалашишгача боряпмиз. Оёғимда оёқ қолмаяпти. Яқинда қарзимни сўраб борсам қовоқ уйиб:
- Кўчиб кетяпманми, бераманда, - дейди безбетларча.
- Хабарингиз бор унда пулим бўла туриб етмаган томонига ўзим қарз олиб тўй қилдим. Уйига яқилашаверсам юрагим безиллайди. Бегона бўлса ўзим билардим нима қилишни, ўзингники бўлгандан кейин қийин экан. Бармоғингни тишлаб қолаверар экансан. Ҳар дардим ичимда. Рўзғоримда эса жанжал. Сабаби - пулни бериш учун олиб чиқаётганимда келинингиз сумкага ёпишувди “берманг”,деб. Айб ўзимда, ҳотамтойлик қилдим. Энди бўлса жазосини тортаяпман. Уйда тез-тез етишмовчилик бўлиб туради. Шунга қандай маслаҳат берасиз. Тилхат-пилхат ҳам ёздириб олмабман. Келинингизнинг эса жаврагани-жавраган, - деб менга дардини айтиб, ўзи бир оз енгилашгандек бўлди.
- Нима ҳам дердим. Дардимиз бир экан, мен ҳам ўтган йили сотган олмамизнинг насияга олинган қисмининг ҳақини ҳанузгача олмаяпман. Бу борада бирон бир маслаҳат беришим қийин сизга, - дедим...
Ўзмизнинг оиламиз билан боғлиқ бўлган воқеа қуйидагича юз берганди. Ўтган йили октябр ойларининг охирида қўшни қишлоқда яшовчи Маҳмуд исмли йигит ҳовлимизга мижозларини бошлаб келди.
- Ака бу кишилар Бекободдан келишган яқин мижозларим,исми Жаҳонгир, ёнидагиси турмуш ўртоқлари Зарифа бўлади, олма олишга келишган, деди.
- Олмани эрта-индин териб, қишга сақламоқчийдик ука, - десам ҳам ялиниб туриб олди. Оиламиз билан маслаҳатлашдик. Уйдагилар ҳам ташвишдан қочиб:
- Ҳозир сотиб қўя қолайлик, қишга сақлаб ўтирамизми, - деб туриб олишди.
Хуллас, сотишга қарор қилдик. Бир килосини 2 мингсўмдан сотишга келишдик.
Тезда улар ҳашарчиларни олиб келишиб, олма теримини бошлаб юборишди. Терилган олмаларни “ДАМАС” русумли енгил машиналарида икки маротаба манзилларига юборишди. Ҳисоб-китоб қилиш чоғи икки “рейс”нинг пулини бериб, охирги “рейс”никини бир ҳафтадан сўнг олма олишга келганимизда берамиз, деб ялиниб туриб олишди.
Биз уларнинг лафзига ишониб рози бўлдик. Мана, 8 ой бўляптики, 2 миллион сўмга яқинпулдан ҳанузгача дарак йўқ. Ҳафта-ўн кунда Маҳмудникига зир қатнайман. Пулни ундириб беришни талаб қилишдан армон қолмаяпти. Ҳатто ҳақоратлаб, сўкинишгача боряпман. Кейинги пайтларда турмуш ўртоғидан менинг пулни қистаб борганимни эшитиб, менга қорасини кўрсатмайди. Унгача “Пулингизни Тошкентга бориб оларкансиз” ва ҳоказолар, деб ҳийла-найранглар қилди. Хуллас, қарздан эса дарак йўқ.
Халқимизда “олишда олди жоним, беришда чиқди жоним”, деган нақл бор.
Шундай экан, қарз лафз қилиб олиндими, уни ўз вақтида қайтаришинсонийлик бурчимиздир. Бу ҳақда газетхонларимиз нима деркин?
Холбой ҚОСИМОВ,
журналист.
журналист.