Инсон хотираси абадий ва муқаддасдир. У ҳамиша яқинлари қалбида мангу яшайди. Мамашукурнинг болалиги “Девонатепа” қишлоғида ўтган. У ҳам бошқа болалар сингари шўх-шодон, олам-олам орзулар қилиб улғайганди...
16-мактабнинг спорт залида “Гулобод асл барака” фермер хўжалиги собиқ раиси марҳум Мамашукур Абдиев хотирасига бағишлаб, хотира турнири ўтказилди. Унда “Ғайир”, “Девонатепа”, “Ёлғизёғоч” ҳамда “Оқтомқуёнчи” қишлоқларидан 7 та жамоадан 50 нафарга яқин қатнашчилар иштирок этиб, спортнинг волейбол тури бўйича беллашишди. Уларнинг ҳар бирига спорт кийимлари берилди.
Ҳ. Ғозмаҳатов, Ғ. Сулаймонов, Ш. Исоқовлар бир синфда ўқиган синфдоши, марҳум М.Абдиев ҳақидаги илиқ хотираларини сўзлаб берди. “Гулобод” МФЙ раиси Шерзод Маматов эса мусобақани ўтказишда ташаббус кўрсатган ва фаол иштирок этаётганларга миннатдорлик изҳор этди. Шунингдек, тадбирда 16-мактаб директори М. Ғаффаров, жисмоний тарбия фани ўқитувчилари О.Исоқов, Ш.Қосимовлар жонбозлик кўрсатганлиги алоҳида тилга олинди.
Мусобақа натижасига кўра биринчи ўринни “Оқтомқуёнчи” қишлоғининг волейболчилари қўлга киритиб, волейбол тўпи ҳамда 200 минг сўм пул мукофоти билан тақдирланди. Иккинчи ўринни эгаллаган “Ғайир” қишлоғи жамоаси волейбол тўпи ва 150 минг сўм пул, учинчи ўринни қўлга киритган 54-мактабнинг ўқитувчилар жамоасига ҳам волейбол тўпи, 100 минг пул мукофоти топширилди.
Муҳайё АҲМЕДОВА,
16-мактабнинг она-тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.