Йўлларда транспортлар ҳаракатини тартибга солиш, йўл ҳаракати ҳодисаларини кескин камайтириш, ҳайдовчи ва йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларни тез фурсатларда аниқлаш муҳим вазифалардан. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 сентябрдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 747-сон Қарори шу мақсадга хизмат қилади. Қарорга асосан эндиликда жисмоний ва юридик шахслар видеорегистраторлар орқали йўл ҳаракати иштирокчилари (йўловчи ва пиёдалар бундан мустасно) томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатларини қайд этиши ҳамда уч иш куни ичида марказлаштирилган тизим (jarima. uz веб-сайти) орқали ички ишлар органларига кўриб чиқиш учун юбориши мумкин. Видоерегистраторлар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолати тўғрисидаги видеоёзувда содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолати, транспорт воситасининг русуми ва давлат рақам белгиси ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этилган сана ва вақт аниқ акс эттирилиши лозим.
Шунингдек, ҳуқуқбузарлик ҳолати акс эттирилган видеоёзувларга ҳар қандай тарзда ўзгартиришлар киритиш тақиқланади. Ўзгартириш киритилган видеоёзувлар кўриб чиқилмайди.
Ҳуқуқбузарлик ҳолати акс эттирилган видеоёзувларни марказлаштирилган тизимга юборишда фуқаронинг исми, фамилияси, отасининг исми, доимий яшаш манзили, юридик шахснинг номи, жойлашган жойи, уяли телефон рақами тўлиқ кўрсатилиши лозим.
Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари акс эттирилган видеоёзувларни юборган шахслар ҳуқуқбузардан ундирилган жарима ҳисобидан энг кам ойлик иш ҳақининг беш фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Камол АШУРОВ,
туман ИИБ ЙҲХБ бошлиғи, катта лейтенант.