Самарқанд вилоят божхона бошқармаси томонидан Булунғур қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида тарғибот тадбири ўтказилди. Унда Самарқанд вилоят божхона бошқармаси раҳбарияти ва ходимлари, туман хотин-қизлар қўмитаси, ички ишлар бўлими, “Маҳалла” хайрия жамғармаси туман бўлими, туман Ёшлар иттифоқи вакиллари, тадбиркорлар ва туман халқ таълими бўлимига қарашли мактабларнинг директор ўринбосарлари ҳамда “Булунғур ҳаёти” газетаси мухбирлари иштирок этишди.
Йиғилишда сўзга чиққан вилоят божхона бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Ш.Салихов, Суриштирирув ва маъмурий амалиёт бўлими бош инспектор суриштирувчиси Ф.Ахроров, Булунғур туман ИИБ бошлиғи ўринбосари А.Йўлчиев ва “Маҳалла” хайрия жамғармаси туман бўлими раиси А.Маллаев профилактик тадбирларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, халқ осойишталигини таъминлаш эканлигини алоҳида қайд этиб, тадбирлар давомида эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатларга тўхталишди.
– Божхона соҳасида ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш, чегара божхона постларидан тақиқланган ва белгиланган меъёрлардан ортиқча товарларни олиб кириш ва олиб чиқишга йўл қўймаслик, мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш фақат божхона органларининг иши, деб қараш нотўғри – деди вилоят божхона бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Ш.Салихов. – Бу – барчанинг иши. Бугун тадбирда қатнашаётган барча иштирокчилар, маҳалла раислари ва фаоллари, профилактика инспекторлари ҳамда ёшлар биргаликда тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширишимиз даркор. Шундагина “Жартепа” ва “Самарқанд аэропорти” чегара божхона пости орқали ҳаракатланаётган йўловчилар томонидан ҳуқуқбузарлик ҳолатларини содир этилишини олдини олган бўламиз.
Таҳлилларга эътибор қаратсак, ўтган 2018 йил давомида Булунғур туманида яшовчи фуқаролар томонидан республика ҳудудида 34 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, шундан 13 та ҳолатни Самарқанд вилояти божхоначилари аниқлашган.
Тадбирда оилаларимиз тинчлигини таъминлаш, хотин-қизларнинг жамиятимиз ҳаётида тутган ўрни ҳамда баъзи бир аёлларимиз томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилаётган ҳолатлар учраб турганлиги тўғрисида вилоят божхона бошқармасининг хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси Ф.Исматова тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг тадбир савол-жавоб тариқасида давом этиб, унда иштирокчилар божхона тартиб-қоидалари, тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар ҳамда ДБҚнинг Божхона институтига ҳужжатларни топшириш тартибига оид ўнлаб саволлар билан божхоначиларга мурожаат этишди.
Самарқанд вилояти божхона
бошқармаси Ахборот хизмати.