Ғўбдин тоғ этаклари Булунғур, Жомбой ва Пайариқ туманларида ҳам асосан лалми экин майдонлари бўлиб, бу жойларда деҳқончилик қилишнинг ўзига хос қийинчиликлари кўп. Баҳор серёғин келса бир нав, қурғоқчилик йиллари эса бу майдонларда ҳосил етиштириш мушкул. Ана шу учта туманда жами 35,8 минг гектар майдонда сув таъминотини янада яхшилаш, экин майдонлари ҳосилдорлигини ошириш, етиштирилган мўл ҳосил ҳисобидан халқимиз турмушини фаровонлаштириб, давлатимиз иқтисодиётини юксалтиришга ҳисса қўшиш мақсадида жорий йил май ойидан бошлаб Булунғур сув омбори қурилиши бошлаб юборилди.
Президентимиз Ш. Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Булунғур сув омбори қурилиши зарурлигини таъкидлаган эди. Шу асосда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига қарашли "Самарқандсувқурилишинвест" давлат унитар корхонаси буюртмаси асосида "UZGIP" масъулияти чекланган жамияти бош лойиҳачи сифатида сув омборининг қаерда жойлашиши, қурилиш ишлари ҳажми аниқ ифодалаб берилган лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлади. Бугунги кунда "Zarafshonmaxsussuvqurilish" давлат унитар корхонаси бош пудратчилигида сув омборида қурилиш ишлари қизғин кетаяпти. Ҳозир қурилишда ўнлаб эксковаторлар, "МАН" русумидаги оғир юк машиналаридан фойдаланган ҳолда лойиҳа асосида қазиш, қазилган тупроқни керакли манзилларга элтиб тўкиш ишлари жадал олиб борилаяпти.
- Лойиҳанинг умумий қиймати 386 миллиард 344,2 миллион сўм бўлиб, қурилиш ишларини шу йил 16 майда бошладик, - дейди "Ёзёвонмахсуссувқурилиш" давлат унитар корхонаси етакчиси Рашиджон Ҳасанов. - Сув қабул қилиш имконияти 100 миллион кубометрни ташкил этувчи бу сув омбори 2021 йилнинг 1 июлида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Сув омборида қабул қилинган сувни тўсувчи тўғон қурилиши ишлари пухта олиб борилаяпти. Баландлиги 21 метр, узунлиги 9200 метрни ташкил этувчи бу тўғоннинг мустаҳкам бўлишига жиддий эътибор қаратилаяпти. Тўғондаги сув ўтказгич иншоотдан секундига 20 кубометр сув чиқаришга мўлжалланган канал қурилиши ҳам бошлаб юборилган. 9 минг 300 метрлик айланма каналда геокомпозит материал ва армокомпозитдан фойдаланган ҳолда 10 сантиметр қалинликда бетонлаш ишлари юритилаяпти. Бу канал сувининг ерга сингиш имкониятини чеклайди ва сувнинг равон оқишини таъминлайди. Ҳозир бу каналнинг бетонланган қисми 600 метрдан ошди.
Пўлат ЧЎМБОЕВ.