Инсоният тарихида давлатлар шакллангандан буён коррупция уларни ичдан емирадиган ижтимоий иллат сифатида вужудга келди, ҳокимият ва бойлик учун ҳирслар таъсирида ривож топди. Коррупция сўзи - лотинча "пора бериб сотиб олиш" маъносини англатиб, мансабдор шахслар томонидан уларга берилган ҳуқуқ ва имкониятлардан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланишни ифодаловчи сиёсий ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолият тушунилади. Демократик давлатлар коррупцияни ривожланиш ва янгиланишнинг илдизига болта урувчи хавфли иллат сифатида тан олиб, бу борада тизимли равишда иш олиб боришни ўзларининг асосий вазифалари, деб белгилаганлар.
Коррупция жиноятларига оид нормаларда жиноят предмети сифатида фақат моддий хусусиятдаги манфаатлар назарда тутилади, лекин қонунда моддий қийматликлардан ташқари қонун билан қґриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларга жиддий зарар етказилганда жиноят предмети нафақат моддий ёки номоддий бойликлар, балки турли мазмундаги ҳолатлар ҳам бґлиши мумкин.
Коррупция - жамият тараққиёти учун хавфли жиноят бўлиб, у нафақат хуфёна, балки коррупцияга доир муносабатларга киришган томонларнинг заро келишувига биноан содир этилади. Ғайриқонуний келишувдан иккала томон ҳам наф кўради. Ҳатто пора сўраш ҳоллари устидан ҳам камдан-кам ҳолларда шикоят қилинади. Коррупция ҳаракатлари одатда давлат фаолиятининг мутахассис бўлмаган кишилар томонидан тушуниши анча қийин бўлган ўзига хос турларида содир этилади ва у ўта мослашувчан жиноятдир.
Коррупция мураккаб ижтимоий ҳодиса бўлиб, унга қарши курашиш учун алоҳида чораларни қўллаш самарали ҳисобланмайди. Шу боис коррупцияга қарши курашишда давлат ва жамиятнинг ўзаро жипслиги асосида иш олиб борилсагина бу иллатга барҳам беришимиз мумкин.
Сирожиддин КАЗАКОВ,
туман прокурори ёрдамчиси.