Муқаддам содир этган жинояти учун бир эмас, икки бор панжара ортида “ўтириб” чиққан Эрматжон (исм-фамилия ўзгартирилган) ўтган кунлари, “у ёқда” кўрган-кечирганлари, қийинчиликларидан сабоқ чиқармади. Акс ҳолда бугун яна жиноят кўчасига кириб, панжара ортига равона бўлмасди.
67 грамм “марихуана” гиёҳвандлик моддасини 10 дона гугурт қутиларига қадоқлаб, сумкасига жойлаган Эрматжон Самарқанддаги мижозларига етказиш учун йўлда хавфсизроқ бўлишини ўйлаб, тушга яқин Тошкентдан йўловчи машинада йўлга отланди. Кечга яқин у ўтирган машина “Юқори нуқта” ЙПХ масканига етганида инспекторнинг ишорасига биноан тўхташига тўғри келди. Шу куни ушбу масканда Самарқанд вилояти Божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудит бўлими, ДХХ вилоят бошқармаси ҳамда Булунғур тумани ИИБ ЙПХ ходимлари ҳамкорликда тадбир ўтказишаётганди. Гуруҳ аъзолари келиб, ҳайдовчи ва йўловчиларни текшириш чоғида Эрматжонниг ёнида бўлган сумкасининг ичида целлофан пакетга ўралган 10 дона “Спички” ёзувли гугурт қутиларга қадоқланган, жами оғирлиги 67,1 грамм “марихуана” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда, келгусида сотиш мақсадини кўзлаб олиб кетилаётган гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.
Суд ҳайъати Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Самарқанд вилояти минтақавий филиалининг амбулатор суд-наркологик экспетризаси далолатномасига кўра, Э. Муродовда каннабионоидли гиёҳвандлик белгилари мавжудлиги сабабли, уни жазони ўташ давомида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 96-моддасига асосан “каннабиноидли-гиёҳвандлик” касаллиги мавжудлиги сабабли тиббий йўсинда мажбурий даволаш чораларини қўллашни лозим деб топди.
Суд, судланувчи Э. Муродовни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25, 273-моддаси 5-қисми билан айбли деб топиб, муқаддам тайинланган жазога қисман қўшиш йўли билан ҳукмлар мажмуаси бўйича узил-кесил 7 (етти) йил 6 (олти) ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 34-моддаси 3-қисми “а” бандига асосан Эрматжон Муродов ўта хавфли рецидивист деб топилиб, жазони махсус тартибли колонияларда ўташлик белгилданди.
Абдулвосит ХУРРАМОВ,
туман ИИБ ЖҚБ тезкор вакили, капитан.