Ойлиги 2.200 минг сўм ва иш стажи 35 йил фуқарога қанча пенсия тўланган?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги "Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонидан кейин-чи?
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси расмий сайтида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги "Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонининг аҳамиятига муносабат билдирди.
Унда айтилишича, авваллари ўртача ойлик иш ҳақи 2.200 минг сўм ва иш стажи 35 йил бўлган фуқарога амалдаги тартиб бўйича пенсия ҳисоблашда 1621 минг сўм (энг кам иш ҳақининг 8 баравари) инобатга олинган (қолган қисми, яъни 579 минг сўм ҳисобга олинмаган), шундан келиб чиқиб ушбу сумманинг 55 фоизи, яъни пенсиянинг таянч миқдори (891 550 сўм) белгиланиб, талаб этиладиган (25 йил)дан ортиқча ишлаган 10 йилнинг ҳар бир йили учун 1 фоиздан қўшимча ҳисобланиб, пенсиянинг умумий микдори 1.054 минг сўмни ташкил этар эди.
Янги тартиб бўйича эса, ушбу фуқарога ўртача ойлик иш ҳақи 1.621 минг сўм эмас, 2.027 минг сўм (ЭКИҲнинг 10 баравари) миқдорида ҳисобга олинади. Бунда, пенсиянинг таянч миқдори 1.115 минг сўмни, ортиқча ишлаган йиллар учун қўшимчани ҳисобга олган ҳолда пенсиянинг умумий миқдори 1.317 минг сўмни ташкил этади ёки 263 минг сўмга ошади.
Шуни таъкидлаш керакки, бу фармон нафақат 2019 йил 1 январдан кейин пенсияга чиқувчиларга, балки ушбу тоифага тушувчи ҳозирги кунда пенсия олиб турган пенсионерларга ҳам татбиқ этилади ҳамда уларнинг пенсиялари қайта ҳисоблаб чиқилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, жами 533 минг нафардан ортиқроқ пенсионерларнинг пенсия миқдорлари ўртача 65 минг сўмдан 265 минг сўмгача ошади.
Фармонда белгиланган тадбирларни амалга ошириш учун 2019 йилда жами 1,8 трлн. сўм миқдорида маблағ талаб этилади.
ЖАМҒАРИБ БОРИЛАДИГАН ПЕНСИЯ ТАЪМИНОТИ
ФУҚАРОЛАР УЧУН ҚЎШИМЧА ДАРОМАД МАНБАИ
Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 2 декабрдаги "Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 21 декабрдаги ушбу Қонунни амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақидаги қарорига асосан, мамлакатимизда 2005 йил 1 январдан бошлаб, жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизими амалиётга татбиқ этилмокда.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардикки, жамғариб бориладиган пенсия тўловлари фуқароларнинг иш ҳақи ҳисобидан эмас, балки даромад солиғи ҳисобидан ўтказилади. Яъни, айни пайтда фуқаронинг даромад солиғига тортиладиган иш ҳақининг икки фоиз микдори давлатга тўланадиган даромад солиғидан чегирилиб, фуқаронинг "Халқ банки"да очилган шахсий пенсия ҳисобварағига ўтказилади. Бунда фуқаро оладиган иш ҳақи камаймайди, аксинча давлат унинг номига қўшимча маблағни йиғиб боради. Буни эса, фуқароларнинг фаровон яшаши учун давлат томонидан бериладиган ойлик пенсияга қўшимча мадад пули деб ҳисоблаш мумкин. Шундай қилиб, ўтказилган бадаллар иш берувчининг ҳам, ишловчи фуқаронинг ҳам моддий манфаатларига зиён етказмайди.
Бундан ташқари, иш берувчиларнинг ходимлари номига мажбурий жамғариб бориладиган пенсия маблағларини ўтказишидан ташқари, фуқаролар ихтиёрий равишда ҳам ўз шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига маблағ ўтказиб боришлари мумкин. Бу эса, фуқароларнинг кексаликда фаровон яшашлари учун етарли жамғармага эга бўлишида бевосита хизмат қилади.
Шунингдек, фуқароларнинг моддий манфаатларини кўзлаган ҳолда уларнинг жамғариб бориладиган пенсия маблағларини янада кўпайтириш мақсадида, йиғилган маблағларига қўшимча фоизли даромадлар қўшиб берилмоқда.
Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия маблағлари Халқ банки томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан келишилган ҳолда аҳоли манфаатларига хизмат қилувчи муҳим стратегик лойиҳаларга жойлаштирилади.
Ушбу жойлаштиришдан олинадиган даромадлар эса фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия маблағларига фоизли даромадлар кўринишида тўлиқ тўлаб берилади.
Демак, давлат томонидан фуқароларга бюджетга ўтказиладиган маблағлар ҳисо-бидан жамғариб бориладиган пенсия маблағлари берилиб, шу билан бирга, ушбу маблағларни жойлаштиришдан олинадиган даромадлар ҳисобига ҳар йили фоизли даромадлар қўшиб берилмокда.
"Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонунга кўра, Халқ банки жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағларининг алоҳида ҳисобини юритади. Яъни, банк томонидан жамғариб бориладиган пенсия тизимида фуқароларни ҳисобга олиш, уларнинг маблағлари ҳисобини юритиш, ушбу маблағларни олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга маблағларини ўз вақтида тўлаб бериш каби вазифалар амалга оширилмокда.
Иш берувчи ўз ходимлари номига ўтказилаётган мажбурий жамғариб бориладиган пенсия бадалларининг тўғрилиги, тўлиқлиги ва ўз вақтида тўланиши учун жавобгар ҳисобланади.
Фуқаролар шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига иш берувчилар томонидан ҳар ойда ўтказиладиган маблағларини доимий равишда кузатиб бориш имконияти ҳам яратилган. Бунинг учун улар интерактив хизмат турларидан фойдаланган ҳолда ҳисобварақларида қанча маблағ йиғилганлигини кўришлари мумкин.
Бугунги кунда жамғариб бориладиган пенсия тизими бўйича Халқ банки томонидан фуқароларга янада қулайлик яратиш мақсадида, бир қанча интерактив хизмат турлари яратилган. Жумладан, жисмоний шахслар Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (my.gov.uz) жамғариб бориладиган пенсия маблағлари қолдиғи ҳақида маълумот олиш имкониятига эга. Бундан ташқари, фуқароларга банк филиалига мурожаат этмасдан туриб, мобиль телефони орқали жамғариб бориладиган пенсия ҳисобрақамидаги маблағлар ҳаракати тўғрисидаги маълумотларини "SMS" хабар орқали билиб олиш имконияти яратилган.
Шунингдек, юридик шахcлар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ходимларини жамғариб бориладиган пенсия тизимига ҳисобга олиш ҳамда ходимлари номига ўтказилган маблағлар реестрларини юбориш имкониятига эга.
Ҳозирги кунда ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда "Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида"ги қонунга ўзгартиришлар киритиш юзасидан ишлар олиб борилмокда. Бу эса, албатта келгусида жамғариб бориладиган пенсия тизимининг янада ривожланишига хизмат қилади.
Ғолиб ЭШМИРЗАЕВ,
Халқ банки жамғариб бориладиган
пенсия таъминоти тизимини
бошқариш департаменти директори.