Мамлакатимизда ижтимоий соҳага алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Айниқса, кейинги беш йил мобайнида соҳани янада ривожлантириш борасида кўплаб қарорлар қабул қилинди. Ижтимоий соҳанинг халқ таълими, соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим, маданият, ёшлар, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги, туризм ва спорт каби бўлимларига ҳар томонлама ёрдам берилмоқда. Шу билан биргаликда соҳа мутасадди раҳбарларидан катта масъулият ҳам талаб қилинмоқда. Хўш, бизнинг Булунғур туманида ижтимоий соҳада қандай ўзгаришлар рўй бермоқда, галдаги вазифалар нималардан иборат? Ушубу саволларга жавоб топиш мақсадида Булунғур туман ҳокимининг ўринбосари Азизбек Бахранович БУРИБОЕВ билан суҳбатлашдик.
- Ҳурматли Азизбек Бахранович, туманимизда ижтимоий соҳада олиб борилаётган ишлар тўғрисида қисақача гапириб берсангиз.
- Тўғри ижтимоий соҳа бугунги куннинг энг долзарб масалалардан биридир. Ижтимоий соҳани яхшиламай туриб, аҳоли манфаатларини тўлиқ қондириб бўлмайди. Халқимиз розилиги кўпгина ҳолларда ижтимоий соҳанинг ривожланишига боғлиқ. Туманимизда ҳам халқимизни рози қилиш борасида соҳа бўлимларидаги ишларни тизимли ташкил қилганмиз. Масалан, аҳоли саломатлигини яхшилаш ва тиббий хизмат сифатини ошириш мақсадида ўтган олти ой мобайнида А.Навоий ва Берунийдаги қишлоқ оилавий пунктлари тўлиқ мукаммал таъмирланди, қолган ДПМлари ҳам жорий таъмирдан чиқарилди. Туман Тиббиёт бирлашмаси томонидан 62 та тиббий бригадаларнинг барчаси тиббий асбоб-ускуналар билан тўлиқ таъминланган. Бирлашма томонидан 2500 дан ортиқ қандли диабет касаллиги бор беморларга узлуксиз равишда инсулин ва диабетга қарши дори воситалари бепул тарқатилмоқда.
- Албатта бу ишлар беморларни, аҳолини қувонтириш табиий. Аммо тиббиёт соҳасида туманда ҳали қилинадиган ишлар бисёр. Туманимиз тиббиётида қандай муаммолар бор, уларни бартараф этиш бўйича қандай режалар қилинган?
- Тўғри, ютуқлар билан бирга ҳали бартараф этилиши керак бўлган камчилик ва муаммоларимиз ҳам талайгина. Туман Тиббиёт бирлашмасига МСКТ (Мултиспираль компьютер томографияси) аппаратини ўрнатиш учун жой тўлиқ ҳозирланган бўлишига қарамай, олиб келинган тиббий ускуна техник сабабларга кўра ўрнатилмаган. Туман марказий шифохонаси ҳудудида уч қаватли жонлантириш ва жарроҳлик комплекси қуриш режалаштирилган эди. Маблағ йўқлиги учун ҳали бу ишлар ниҳоясига етмаяпти. Бирлашмада электр тармоқларини янада яхшилаш мақсадида янги трансформатор ўрнатиш ишларини жорий йилнинг охирига қадар тугатишни режалаштирганмиз. Бу камчиликларни тугатиш учун зарур чоралар қилинмоқда.
- Ижтимоий соҳада таълим ва илм-фанни ривожлантириш масалалари юқори поғонада туради. Туманда бу борада олиб борилаётган ишлар тўғрисида тўхталсангиз.
- Таълим соҳасини яхшилаш халқ таълимида сифатли ўқувни ташкил қилиш, албатта, мактабгача таълим ташкилотларидаги тарбия ишларининг нечоғлик сифатли бажарилишига боғлиқ. Шу мақсадда тумандаги мактабгача таълим тизимига алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Мисол учун, Каптархона МФЙда 110 нафар болажонлар тарбияланадиган “Заҳрохоним - Рахимахоним” номли давлат хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди. Небўса маҳалласидаги 18-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида давлат дастури доирасида 3 млрд. 215 млн. сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, сентябрь ойига қадар 22 та умумтаълим мактабларида тайёрлов гуруҳлари ташкил этилади.
- Жамиятда аёллар ролини ошириш ҳамда ёшлар билан ишлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш бўйича туманда қандай тадбирлар амалга оширилмоқда?
- Шу кунга қадар 2426 нафар ёшларга амалий ёрдамлар кўрсатилиб, “Ёшлар дафтари”дан чиқарилди. Туманда “Ёшлар дафтари”га киритилганлар сони бўйича таҳлил қилиниб, хатлов натижасида 1-сектор томонидан 855 нафар, 2-сектор томонидан 513 нафар, 3-сектор томонидан 480 нафар, 4-сектор томонидан эса 614 нафар “Ёшлар дафтари”дагиларга амалий ёрдамлар кўрсатилди. Шунингдек, 56 нафар ишчиларнинг СЧР харажатлари учун 164 млн. 100 минг сўм “Ёшлар жамғармаси” маблағлари ҳисобидан ҳамда 173 млн. 359 минг 800 сўм “Ёшлар ишлари агентлиги” маблағлари ҳисобидан тўлаб берилди. 96 нафар ёшларнинг ОТМ контракт тўлови учун “Ёшлар жамғармаси” ҳисобидан 332 млн. сўм ажратилди. 2 нафар ёшларга тиббий психологик ва ижтимоий ёрдамлар кўрсатилиши учун 20 млн. сўм маблағ берилди.
Туман ҳокимининг жорий йил 28 мартдаги 04\01-38-сонли “Ёшлар ўртасида китобхонлик маданият ва санъат, интеллектуал ўйинлар, ахборот технологиялар, спорт турлари бўйича “Беш ташаббус олимпиадаси”ни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги йиғилиш баёнига асосан тумандаги 55 та маҳаллалардаги ёшлар орасида шеърхонлик ва китоблик маданиятини ошириш ва ижодкорларни кашф этишга қаратилган мушоира ташкил қилинди. Ушбу мушоирада 2100 нафар ёшлар иштирок этишди.
Ёшларни ахборот технологиялари ва дастурлаш билимларига қизиқтириш мақсадида 16-30 ёш тоифасида танловнинг маҳалла босқичи ташкил қилиниб, унда 1689 нафар ёшлар қамраб олинди. Шундан сўнг ушбу танловнинг сектор ва туман босқичлари бўлиб ўтди. Мусобақанинг вилоят босқичида Булунғур маҳалласи жамоаси муносиб иштирок этиб, 2-ўринни қўлга киритди.
Шунингдек туманда “Ёш китобхон оила” танлови, “Зукко китобхон” интелектуал ўйини, “Қувноқлар ва зукколар” кўрик танлови 6-10, 11-14 ёшдаги ижодкор ва иқтидорли ёшлар ўртасида “Камалк юлдузлари” Республика болалар ижодиёти фестивалининг туман босқичи ўтказилди.
- Кейинги вақтларда мамлакатимизда туризм, спорт, маданият ва маданий меросни ривожлантириш масалалари кенг тарғиб қилинмоқда. Бу борада туманда амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳам икки оғиз тўхталсангиз.
- Жорий йил “9 май - Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан барча махаллаларда спорт мусобақаларини ўтказилиб, беш мингга яқин ёшлар ушбу мусобақаларга жалб этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-92 сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда туманда оммавий спортни ривожлантириш бўйича маҳалла сектор ва меҳнат жамоалари ўртасида спортнинг 25 тури бўйича 200 га яқин спорт мусобақалари ўтказилиб, 11 минг нафар ёшлар қамраб олинди. Мусобақа ғолиблари “Ўзбекистон ёшлари – бирлашайлик!” шиори остида туманимизда ўтказилган байрам дастурида тақдирланди. 2022 йил давомида ҳафтанинг ҳар шанба кунлари ўтказилаётган “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” тадбири доирасида 12 минг нафар фуқаро қатнашиб келаяпти.
Хуллас, туманимизда ижтимоий соҳада бундан кейин ҳам аниқ режалар асосида амалий ишларни давом эттириб, халқимиз розилигига эришамиз.
- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!
Суҳбатдош Ғулом ЎРОЛОВ.