Ўзбекистон Республикасининг хорижга чиқиш паспорти Президентимизнинг 2017 йил 16 августдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан белгилаб берилган.
Фармон ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимизда 2019 йил 7 январдан бошлаб ИИБ томонидан хорижга чиқиш паспорти учун талабномаларни шакллантирилиб, фуқаролар вилоят ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг қабулхонасида қабул қилинмоқда.
Ҳафтанинг якшанба кунидан ташқари ҳар куни соат 07:00 дан 20:00 гача фуқаролар мурожаатлари қабул қилинмоқда. Улар ўзлари билан 2 нусха ариза анкетаси, 2 дона фотосурат ва паспортлари билан келиб, анкета шакллантирилади, кейинчалик тўлов амалга оширилади. Яъни, энг кам ойлик иш ҳақининг 120 фоизи (бугунги кунда 243 276 сўм) миқдорда тўлов қилиниб, квитанция олади ва ҳужжатлар тақдим қилинади.
Бугунги кунга қадар мурожаат қилган фуқаролар сони 4500 дан ошди. Ҳар куни 350 нафар фуқаро қабул қилинади. Келаётган фуқароларга паспорт олиш тартиблари тушунтирилган кўргазмали қуроллар намойиш этилиб, уларни қизиқтиган саволларга ходимлар томонидан жавоб берилмоқда.
Ҳозирги кунда биометрик ва биографик маълумотларни қабул қилиш қурилмалари 2 донани ташкил этади ва бу қурилма билан бир кунда 150-200 кишини суратга тушириш мумкин. Яқин кунларда Республика раҳбарияти томонидан яна икки дона аппарат берилиши кутилмоқда. Бу фуқароларнинг кутиб қолиш ҳолатларига чек қўяди. Келгусида барча шаҳар ва туманлардаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларида биттадан апарат қўйиш режалаштирилган. Ҳар бир фуқаро ўзи истиқомат қиладиган ҳудуддаги бўлимларга бориб паспорт олиши мумкин.
Бундан ташқари, чет давлатларида ишлаётган, ўқиётган фуқаролар учун чет элдаги элчихона ва ваколатхоналарида ҳам ушбу аппаратларни ўрнатиш режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 6 январдаги қарори талабларига мувофиқ агарда шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилган ёки суд органлари томонидан тақиқ қўйилган ёки давлатдан қарздорлиги бўлса, алимент тўланмаган ҳолларда фуқаронинг хорижга чиқиш паспортини олишдаги мурожаати рад этилади.
Шунингдек, чет давлатларда қонунбузарлик ҳолатларини содир этиб, қайтиб келган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси томонидан тақиқ қўйилган бўлса, ушбу фуқароларга хорижга чиқиш паспорти бериш вақтинча тўхтатиб турилади.
Айни кунда кекса ёшдаги фуқароларимиз, имконияти чекланган фуқаролар, ёш болали фуқаролар келган кунидан навбатсиз қабул қилиняпти. Кейинчалик ушбу фуқаролар учун мобиль қурилмалар ажратилиши кўзда тутилган. Ушбу қурилма ёрдамида миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига бормасдан яшаш хонадони ёки шифохоналарга бориб, ўша жойнинг ўзида фуқароликни расмийлаштириб бериш режалаштирилган.
Фуқароларни кўп қабул қилиш имкониятимиз чекланганлиги сабабли қабул қилиш куни белгиланган жетон тарқатилмоқда. Бу ҳар куни 350-360 га яқин жетонлар тарқатилмоқда, демакдир. Бу ортиқча оворагарчилик ва навбатларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари 16 ёшга тўлгандан кейин миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларидан амалдаги биомертик паспортларини олиши шарт. Кейинчалик хорижга чиқиш истагини билдирса, амалдаги паспорт асосида ҳужжат тўплаб, хорижга чиқиш паспортини олишлари мумкин. Амалдаги паспортнинг икки йил муддатли чет давлатларга чиқиш рухсатномаси бўлган фуқаролар унинг муддати тугагунга қадар исталган давлатга чиқиш имкониятига эга. Агарда ушбу муддат тугаган бўлса янги хорижга чиқиш паспортини олиш учун ҳужжат топшириши мумкин.
Айни пайтда иккита паспорт ҳам фуқаронинг шахсини тасдиқлашда бир хил кучга эга. Лекин, биометрик паспорт билан ҳам виза белгиланмаган давлатларга 2021 йилгача фуқароларимиз чиқиб келишлари мумкин.
Фуқаролар паспортига қўйилган тақиқни билишлари учун талабнома шакллантириш олдидан махсус базадан текшириб аниқланади. Бу паспортни олишда хорижга чиқиш мақсади кўрсатилади.
Даволаниш мақсадида хорижга чиқаётган фуқаролар учун соғлиқни сақлаш бошқармасидан хулосалар тақдим қилинади ва бу фуқароларнинг мурожаати тез муддатда ҳал қилиб берилади.
Олим НАРҚУЛОВ,
вилоят ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш
бошқармаси бошлиғи ўринбосари.