67-умумтаълим мактабида шеърият мулкининг султони Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллудининг 578 йиллиги муносабати билан адабий-бадиий кеча ўтказилди. Ушбу Навоийхонлик тадбирини очган мактаб директори Абдужамол Усмонов буюклар мангу яшаши, улар ҳамиша халқнинг, айниқса адабиёт мухлисларининг эъзозида бўлишини таъкидлаб, кеча ташкилотчиларига миннатдорчилик изҳор этди ва иштирокчиларга фаоллик тилади.
10-синф ўқувчиси Баҳром Ҳотамов буюк шоирнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз юритди. Шунингдек, ўқувчилардан Муштарий Ҳамзаева, Кумушбиби Мусурмонова, Элёр Жамолов, Зуҳра Бозорбоева, Мафтуна Тожибоева, Одина Сайдуллаевалар Навоийнинг рубоий ва туюқларидан намуналар айтишди. Ғазалхонлик баҳсида эса Дилдора Бозорбоева биринчи, Сирожиддин Бозорбоев иккинчи, Дилрабо Абдусаломова учинчи ўринларни эгаллашди.
- Тез-тез ўтказилаётган бундай тадбирлар ўқувчиларнинг билим доирасини ўстириб, дунёқарашини янада кенгайтиради, - дейди тадбир ташкилотчиси, она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Аббос Ўсаров. - Навоийхонлик кечаси ҳам ўқувчиларда буюк шоирга, шунингдек адабиётга меҳр уйғотиши шубҳасиз.
Ҳамроқул МАҲМУДОВ.