Ўзбекистонбугун дунё ҳамжамиятида буюк ўтмиши, маданияти, тутган ўрни ҳамда ривожланиб бораётган иқтисодиёти билан алоҳида ажралиб турмоқда. Юртимизнинг иқтисодий соҳада олға боришида Республика темир йўлларининг ҳам алоҳида ўрни бор. Аслини олганда транспорт воситалари инсониятнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилувчи улов.
Ҳукуматимиз томонидан мустақиллигимизнинг 20 йиллигини нишонлаш арафасида совға қилинган, Испания давлатида ишлаб чиқарилган, жаҳон стандартлари талабларига мос, замонавий, ўта тез юрар “Таlgо-250” русумли электропоезди ҳам алоҳида ҳодиса бўлди десак хато бўлмас. “Афросиёб” номи билан юритилаётган ушбу транспорт воситаси Тошкент-Самарқанд-Қарши ва Тошкент-Самарқанд-Бухоро йўналишлари бўйича 250 км. соат тезликда ҳаракатланмоқда. Бу электропоездга нафақат пойтахтдан Самарқандга йўл олувчи ватандошларимиз, балки хорижий сайёҳлар ҳам катта қизиқиш билдиришмоқда.
Мазкур электропоездларнинг юқори тезликда ҳаракатланиши назарда тутилиб, Тошкентдан Бухоро ва Қарши шаҳарларигача бўлган темир йўл излари реконструкция қилиниб, ушбу йўналишда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигини сақлаш, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида темир йўл атрофи бетон ва темир панжарали тўсиқлар билан ўралиб, фуқароларнинг темир йўлдан ўтишлари учун махсус кўприклар, маълум ҳудудларда эса махсус ўтиш йўллари ташкил этилди.
Юқоридагилардан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 29 сентябрь куни қабул қилинган “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонуни ҳамда “Оқсоқоллар кенгаши ва маҳалла жамғармаси”, Самарқанд вилоят ИИБ, шаҳар ИИБ ва туман ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тасдиқланган режасига асосан умумтаълим мактабларга, касб-ҳунар коллеж ва академик лицейга боришдан бош тортиб ёки турли сабаблар билан машғулотларга қатнашмаётган вояга етмаганларни аниқлаш ва уларни таълимга жалб қилиш чораларини кўриш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича коммисия вакиллари билан ҳамкорликда Самарқанд вилоят ИИБ Транспортда ХПБ инспекторлари томонидан кенг қамровли профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
Тадбирлар давомида вояга етмаганлар томонидан турли кўринишдаги ҳуқуқбузарликлар ҳамда жиноятлар содир этилишининг олдини олиш, вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган йўловчи поездлар ойнасини синдириш ҳолатлари ҳамда темир йўлларда содир этилаётган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамда ҳокимликлар ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар билан биргаликда тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Афсуски, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан темир йўл ҳудудларимизда турли кўринишдаги қонунбузарликлар рўй бермоқда. Жаҳон мамлакатларида олтита, Ўрта Осиёда эса ягона бўлган ушбу электропоезд тизими ҳамда умумий темир йўлларимизни асраб, унда содир этилаётган тартиббузарликларга барҳам берсак, биз нафақат ўз моддий бойликларимизни асраб-авайлаган, балки йўловчи поездларнинг манзилларига ўз вақтида, эсон-омон етиб олишларига ҳиссамизни қўшган бўламиз, шунингдек, ташриф буюрган хорижий меҳмонларимизга келажагимиз ишончли қўлларда эканлигини намоён этамиз.
Зафар ДАМИНОВ,
вилоят ИИБ транспортда ХПБ катта инспектори, майор.