Мамлакатимизда кечаётган демократик ўзгаришлар шароитида давлат ҳокимияти органларини сайловлар йўли билан ташкил этиш борасида халқаро андозаларга мос келадиган ижобий тажриба шакллантирилди. Бинобарин, Ўзбекистон Республикасида сайлов қонунчилигининг вужудга келиши, ривожланиши ҳамда сайлов амалиётини демократик ислоҳотларнинг таркибий қисми сифатида баҳолаш мумкин.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, юртимизда сайловга оид қонунлар тизимлаштирилиб, қўшимча ўттиздан ортиқ муҳим демократик қоида-талабларнинг киритилиши асосида қабул қилинган. Сайлов кодекси мазкур жараённи янги босқичга олиб чиқди. Ҳозирда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати жорий этилди, сиёсий партияларнинг соғлом рақобат олиб бориши учун тенг шарт-шароитлар яратилди. Кейинги йиллардаги очиқлик инсонпарварликка асосланган ислоҳотлар асосида сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш жараёнида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Мамлакатимизда ўтказилаётган турли даражадаги сайловлар халқимиз онги ва кайфиятида ижобий ўзгаришлар ясади, бу муҳим сиёсий жараёнга муносабатни ўзгартирди. Фуқаролар эртанги кунга ишонч ҳамда она Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан сайлов жараёнларида иштирок этмоқдалар.
Дарҳақиқат, янги Ўзбекистон шароитида сайловлар нафақат демократиянинг муҳим белгиси ва кўриниши, балки унинг зарурий шарти ҳамдир. Зеро, Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясида “Ҳар бир инсон бевосита ёки эркин сайланган вакиллари орқали ўз мамлакати бошқарувида қатнашиш ҳуқуқига эгадир. Халқ иродаси ҳукумат ҳокимиятининг асоси бўлиши керак: бу ирода яширин овоз бериш ёки овоз бериш эркинлигини таъминловчи бошқа шунга тенг аҳамиятли кўринишлардаги умумий ва тенг сайлов ҳуқуқи асосида ифодаланиши керак”, дея белгиланган.
Шу нуқтаи-назардан, инсонпарвар демократик жамият барпо этиш мақсади сари интилаётган эканмиз, унинг бош талаби бўлган эркин сайловларни муносиб ташкил қилиш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолаверади. Чунки, сайловлар халққа давлат ҳокимиятининг ягона манбаи сифатидаги сиёсий ролини амалга ошириш имконини берадиган ҳал қилувчи жараёндир.
Бу борада айниқса, мамлакат Президенти сайлови алоҳида ўринга эга. Мазкур сайловнинг муҳим аҳамияти шундаки, унинг натижасида давлат бошлиғи сайланибгина қолмай, балки, жамият аъзоларининг хоҳиш-истаклари, кайфияти, давлат сиёсатига реал муносабати аниқланади. Бу жараёнда конституциявий асосда ўрнатилган ва тараққиётнинг муҳим омилларидан ҳисобланган фикрлар хилма-хиллиги ҳам яққол намоён бўлади.
Шу жиҳатдан олганда, демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишни эркин сайловларсиз тасаввур этиб бўлмайди.
Баҳром КЕНЖАЕВ,
туман Адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси.