Куйдирги ўткир инфекцион касаллик бўлиб, организмнинг оғир интоксикацияси, иситма, септицемия, карбункуллар пайдо бўлиши ва ичак, кўпроқ ўпканинг зарарланиши билан ажралиб туради. Куйдирги билан барча турдаги қишлоқ хўжалик ҳамда кўпгина ёввойи ҳайвонлар, шунингдек одам ҳам касалланади.
Касаллик қўзғатувчиси - бациллус антрацис – ҳаракатсиз, граммусбат капсула ва спора ҳосил қилувчи аэроб таёқча. Куйдирги қўзғатувчиси касал ҳайвон организмида ёки махсус озиқ муҳитларда капсула ҳосил қилади, ташқи муҳитда эса спорага ўралиб олади. Спора бу микроб турини сақлаш учун хизмат қилади. Уларга кислород эркин кирганида 15-42 ҳароратда спора ҳосил қилади.
Куйдирги касаллигига кўпроқ қорамол, қўй, эчки, от, кийик, туялар мойил. Чўчқалар эса камроқ касалланади. Инфекция манбаи касал ҳайвонлар бўлиб, организмдан қўзғатувчилари сийдик, тезак, сўлак ва бошқа ажратмалар билан чиқади. Куйдирги микроби билан ифлосланган ташқи муҳит объектлари қўзғатувчини ўтказувчи омил бўлиб хизмат қилади.Айниқса, куйдирги касалидан ўлган ҳайвонлар жасади, шунингдек, уларнинг териси, жуни, суяк уни, шохи жуда хавфлидир. Касалликка гумон қилинганда жасадни ёриш мумкин эмас. Чунки, куйдирги микроблари кислород ва иссиқлиқ таъсирида спора ҳосил қилади ва тупроқ ҳамда теварак атрофдаги нарсаларда узоқ йиллар 75-100 йилгача сақланиши аниқланган.
Касалликнинг ўтиши бўйича яшин, ўткир ҳамда ярим ўткир, сурункали шакллари мавжуд.
Яшинсимон шакл:. Қўй,эчки, от ва қорамолларда учрайди. Касаллик тана ҳароратининг кўтарилиши, пульс ва нафас олишнинг тезлашиши, кўзга кўринадиган шиллиқ пардаларнинг кўкариши билан намоён бўлади. Ҳайвон бирдан йиқилади ва томири тортилиб ўлади. Касаллик бир неча дақиқадан бир неча соатгача давом этади.
Ўткир шакли учраганда(қорамоллар ва отларга хос) касалланган ҳайвонда ҳароратнинг 42 градусга кўтарилиши, ҳолсизланиши, иштаҳанинг йўқолиши, сигирлар сутининг йўқолиши ёки бирдан камайиши, титроқ, юрак фаолиятининг бузилиши, кўринарли шиллиқ пардаларнинг кўкариши билан намоён бўлади. Ўткир ўтганда қўй, қорамол ва отларнинг томоқ қисмида шиш пайдо бўлиши, қорамолларда корбункуляр тимпания белгилари, отларда санчиқ кузатилади. Бўғоз ҳайвонлар бола ташлаши мумкин. Касаллик 2-3 кун давом этади.
Сурункали шаклида ҳайвон тез ориқлайди, пастки жағ остида инфильтрат пайдо бўлиб, томоқ орқаси лимфа тугунларининг зарарланиши билан намоён бўлади. Бунда касаллик 2-3 ой давом этади.
Куйдирги билан касалланган ҳайвон жасади шишиб кетади, қотмайди, табиий тешиклардан қонли ажратмалар чиқиб туради, терида хамирсимон шишлар бўлади. Қон корамтир бўлиб ивимайди. Тери ости клетчаткалари инфильтрацияланиб, қон қуйилган бўлади. Касалликнинг характерли белгиси талоқнинг 3-4 баравар катталашиб, юмшаб, пульпасининг қорамой сингари оқиб туришидир.
Қарамоғингиздаги ҳайвонларнинг бирдан ўлиб қолиши, терида, бўйин қисмларида иссиқ шишлар пайдо бўлишини кузатсангиз, ҳудудий ветеринария мутахассисига тезда хабар беришингиз шарт. Ҳайвонни мажбурий сўйиш, ўлган бўлса ёриб кўриш қатъиян тақиқланади. Бу ҳаракат билан Сиз ўзингиз ва яқинларингизни ўта хавфли бўлган куйдирги касаллигидан ҳимоя қилган бўласиз.
Куйдирги касаллигини олдини олишнинг биринчи чораси бу ҳайвонларни ҳудудий ветеринария шифокорлари орқали касалликка қарши профилактик эмлатишдир. Қарамоғингиздаги ҳайвонларда касалланиш ҳолатлари учраганда зудлик билан ҳудудий ветеринария мутахассисига мурожаат қилинг!
Ҳайдар ХУДОЙНАЗАРОВ,
туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи.
Улуғбек ҲАСАНОВ,
туман СЭО ва ЖС бўлими эпидемиолог шифокори.