Кейинги йилларда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш бўйича кўпгина ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, аёллар ҳуқуқлари тўғрисида бир нечта норматив ҳужжатлар қабул қилиниб, уларга Президентимизнинг хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, хусусан, гендер тенглиги ва аёлларни зўравонлик, зулмдан ҳимоя қилиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш мақомини кучайтириш тўғрисидаги фармон ва қарорларини кўрсатиш мумкин.
Бундан ташқари, фақатгина норматив ҳужжатлар қабул қилиниши билан чекланмасдан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати таркибида аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш бўйича миллий қонунчиликда халқаро стандартларни уйғунлаштириш билан шуғулланувчи “Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси”, меҳнатга оид ҳуқуқларнинг кафолатлари ва қўллаб қувватлашни янада кучайтириш, уйдаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш мақсадида “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реаблитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш Республика маркази” ва “Хотин-қизлар тадбиркорлиги маркази”, ҳукумат ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази каби янги тузилмалар ташкил этилди.
Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши даврида ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда олиб борилаётган ўзгаришларнинг ичида бўлиши ҳамда ушбу ўзгаришларда ўзаро фаол иштирокчи бўлиши зарур.
Бинобарин, 2019 йилнинг 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Хотин қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг қабул қилинганлиги кундалик ҳаётимиздаги хотин-қизларни ишга қабул қилишдаги муоммоларга, яъни, уларнинг аёл эканлиги, ёш болали эканлиги ёки хомиладор эканлиги важлари билан ишга қабул қилмаслик, юқори мансаб даражаларига ўтказмаслик каби ҳолатларга барҳам берди.
Ушбу Қонундаги айрим тушунчаларга тўхталадиган бўлсак, гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлашга доир вақтинчалик махсус чоралар деганда, жинсларнинг нотенглигини бартараф этиш, хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳақиқий ёки асос бўладиган тенглигини таъминлаш бўйича аниқ мақсадларга эришиш кўзда тутилади. Демак, давлат органлари томонидан кўриладиган ҳуқуқий, ташкилий ҳамда институциявий хусусиятга эга чора-тадбирлар, гендер деганда, хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ҳамда илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳати, жинс бўйича бевосита камситиш деганда эса, жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини тан олмасликка қаратилган ҳар қандай тарзда фарқлаш, истисно этиш ёки чеклаш, шу жумладан оилавий ҳолати, ҳомиладорлиги, оилавий мажбуриятлари туфайли камситиш, шунингдек шаҳвоний шилқимлик қилиш, тенг меҳнат ва малака учун ҳар хил ҳақ тўлаш каби тушинтиришлар берилган.
Қонуннинг қабул қилиниши давлат хизмати соҳасида, сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда, таълим, илм-фан, маданият, соғлиқни сақлаш соҳасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш орқали давлат бошқарувида уларнинг жинси ҳисобга олинмаган ҳолда иштирок этиши учун шарт-шароитлар яратилишини кафолатлайди.
Бундан ташқари, қонун билан агар шахс ўзини жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситишга дучор этилган деб ҳисобласа, ваколатли органларга ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги, бунда жинс бўйича камситишга дучор этилган шахсдан давлат божи ундирилмаслиги, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги тўғрисидаги ишларни судларда кўриш чоғида адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизматларга ҳақ тўлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, уларнинг хоҳишига кўра давлат ҳисобидан қопланиши белгилаб қўйилди.
Шунингдек, норматив ҳужжатларнинг амалдаги ижроси сифатида мамалакат тарихида илк бор Сенат раислигига аёл кишининг, яъни Танзила Камаловнанинг сайлангани аёлллар сиёсий ва ижтимоий ҳаётда ўрин эгаллаётганлигини билдиради.
Шу билан бирга, ушбу ижобий ўзгаришларни суд тизимида ҳам кўриш мумкин. Бугунги кунда республикамизда 160 дан ортиқ аёл судьяларимиз одил судловни таъминлашда ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда. Улар орасида раҳбарлик лавозимларда ишлаётган аёлларимиз ҳам кўпчиликни ташкил этади.
Хулоса қиладиган бўлсак, юқорида қайд этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши жамиятда хотин-қизларга нисбатан ҳурмат ва эҳтиромни янада яхшилашга ҳамда оилалар тинчлигини таъминлашга хизмат қилади.
Навбаҳор ТУРСУНОВА,
Жомбой туманлараро иқтисодий судининг раиси.
Достонбек ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Жомбой туманлараро иқтисодий судининг девонхона мудири.