Жорий йилнинг 22 октябрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида” 2011 йил 7 январдаги 6-сон қарорига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Ушбу Қарорга мувофиқ 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари кучга киради.
Унга кўра, якка тарибдаги тадбиркорлар миллий нон ва патир тайёрлаши ва сотиши (айни пайтда – нон-булка маҳсулотлари), аҳоли учун турар ва нотурар жойларни таъмирлаш хизматларини кўрсатиши (ҳозир – қурилиш, таъмирлаш ва безаш бўйича алоҳида ишларни бажариш) мумкин. Тикув ва трикотаж буюмларни, бош кийимларини ва тўқимачилик галантереясидан буюмларни тикиш аҳолининг якка тартибдаги буюмлари бўйича амалга оширилади. Шунингдек, хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати бир қатор йўналишлар билан тўлдирилди. Яъни, келгуси йилнинг 1 январидан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлар салқин ичимликлар, айрон ва гўжа тайёрлаш ва қуйиб сотиш, Давлат-хусусий шерикчиликнинг оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларини моддий-техник ва услубий жиҳатдан таъминлаш шакли асосида ташкил этилган оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолияти билан шуғулланишлари мумкин.
Бундан ташқари Қарорга киритилган ўзгартишларга кўра келгуси йилнинг 1 январидан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлар қурилиш материаллари, цемент, шифер, ёғоч ва ёғоч маҳсулотларини сотиш, алюминий (пластик) профилдан эшик, дераза ва бошқа буюмлар тайёрлаш, автотранспорт воситаларини ювиш, салонни тозалаш ва шунга ўхшаш бошқа хизматларни кўрсатиш, пишлоқдан маҳсулотлар тайёрлаш ва сотиш, витраж ишларини (шиша, смальта ва бошқа материаллардан тайёрланган витражлар) амалга ошириш фаолияти билан шуғулланишмайди.
Шунингдек, товарларни импорт қилиш ва улар билан чакана савдо қилишга ҳам шарт қўйилди. Унга кўра, Республика ҳудудига олиб кирилаётган товарларнинг нархи бир ойда 5000 АҚШ доллари эквивалентидан ошмаслиги лозим.
Абдуғофур АЗИМОВ,
туман ДСИ Солиқ мажбуриятлари
ҳисобини юритиш бўлими бошлиғи.