Ҳозирги кунда замон талабидан келиб чиққан ҳолда уй шароитида хусусий боғчалар очишга кенг имкониятлар яратиляпти. Ташаббускор фуқаролар ва тадбиркорларнинг нодавлат оилавий МТМ очиш режаси қўллаб-қувватланяпти. Ана шундай талаб ва таклиф билан чиққан маҳалла, қишлоқлардаги фуқаролар ва улар томонидан йўлга қўйилаётган нодавлат оилавий мактабгача таълим муассасалари сони кун сайин ортяпти.
Туман мактабгача таълим бўлими ҳамда туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда 7 та янги очилган оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг очилиш маросими ўтказилди.Жумладан, “Зарафшон” МФЙ “Янгиқишлоқ” қишлоғидаги Комила Абдуллаеванинг “Kamalak”, “Янгиобод” МФЙдан Шахноза Мустафоеванинг “Malika”, “Сариқипчоқ” қишлоғидан Бегбўта Ражабовнинг “Eldorbek”, “Саховат” МФЙ “Эрганак” қишлоғида Раҳима Умирзоқованинг “Gulmira”, “Оқтош” қишлоғида Гулзода Алиқулованинг “Paxlavon”, “Каптархона” МФЙда Ҳусния Бобомуродованинг “Umida”, “Каттақишлоқ” қишлоғида Гулзода Аввалбоева томонидан ташкил этилган 24 ўринли “Shabnam” номли оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари очилди.
Очилиш маросимида уларнинг мудир ва мудиралари ҳамда тарбияланувчиларга туман ҳокимлигининг совғалари тарқатилди. Бунга жавобан боғчаларда тарбия олаётган болажонлар тарбиячи опаларидан ўрганган рақс ва шеърларини ижро этишди. Айниқса, “Malika” номли боғча тарбияланувчилари инглиз тилида шеърларни равон ўқиди ва бошқаларга ўрнак бўлишини кўрсата олди.
Энди ўша ҳудудлардаги қишлоқ болалари узоқ масофада жойлашган МТМга қатнаб сарсон бўлишмайди. Улар ўзларига яқин жойдаги уй шароитида ташкил этилган хусусий боғчага боришади. Ота-оналарга ҳам ўғли ёки қизчасини боғчага қўйиб яна олиб кетиши учун қулай бўлади.
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ.