Шу йилнинг ўтган даври мобайнида Samarkand garden plast Ўзбекистон-Англия қўшма корхонаси экспортга 181 тонна олча жўнатди.
Булунғур туманидаги "Samarkand garden plast" нинг ҳовлисида термометр устуни 33 даража иссиқни кўрсатади, қадоқлаш цехидаги кўрсаткич эса нолдан паст. Бу ерда технологик жараёнларнинг сўнгги босқичи – маҳсулотни қадоқлаш ва махсус рефрижератор - юк машиналарида белгиланган мамлакатларга жўнатиш амалга оширилади.
Пандемияга қарамасдан корхонада иш бир зум ҳам тинмайди. Албатта, бу ўринда карантин қоидаларига тўлиқ амал қилинади. Аслида бу ерда санитария қоидаларига мунтазам амал қилинади: ҳамма ёқ топ-тоза, тартибли, маҳсулотлар сифати, хавфсизлиги лаборатория таҳлиллари орқали аниқланиб борилади, ишчилар махсус иш кийимида, корхона ҳудудига бегоналар кириши эса қатъий тақиқланган. Ишнинг ана шундай ташкил қилиниши ҳисобига жорий йилнинг ўтган даврида Россияга 170 тонна, Хитойга эса 11 тонна олча экспорт қилинди. Бундан ташқари бошқа давлатларга ҳам 50 тонна гилос жўнатилди.
- Бизнинг холдинг компаниямизга учта: “Халилов Шерзод Шавкатович”, "Samarkand garden plast" ва “Самарқанд мевалари” каби корхоналар киради, - дейди раҳбар Жамшид Нуруллаев. - Фақат экспорт учун ишлаймиз. Мева ва резавор маҳсулотлар жўнатилиши режа асосида амалга оширилмоқда. Маҳсулот сақланадиган совуқхоналаримиз 4,5 минг тонналик сиғимга эга. Улар паст ҳароратда сақланганлиги сабабли ўзидаги барча витаминлари ва фойдали хусусиятларини йўқотмайди. Сабзавотлар экспорти эса кейинчалик амалга оширилади. Биз олча, гилос ва шафтоли етиштирувчи ўз интенсив боғларимизга эгамиз.
Бундан ташқари, 86 та фермер хўжаликлари ва 56 нафар томорқа эгалари, яъни аҳоли билан шартномалар тузганмиз. Улар биз томондан тавсия этилган агротехника қоидаларига қатъий амал қилишади. Улардан бизга келиб тушган маҳсулотлар эса албатта, мажбурий лаборатория таҳлилидан ўтказилади.
- Корхонамизда ISO – 2200 ва FSSC халқаро стандартлари талабларига амал қилинади, - дейди лаборатория мудири Ноила Алиева. - Маҳсулотларимиз стандарт талабларига тўлиқ жавоб берганлиги сабабли экспорт соҳасида муаммо йўқ.
Корхона цехида яна бир экспортга мўлжалланган маҳсулот – брокколи карамини қайта ишлаш йўлга қўйилган. Вақти келиб ҳамкор чет элларга корхонамизга қарашли 140 гектарда ва фермер хўжаликлари далаларида етиштирилган сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳам амалга оширилади. Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, ”, "Samarkand garden plast" билан тузилган ўзаро шартномаларга асосан 50 киши доимий иш ўрнига эга, мавсумий ишларда ҳам 500-600 киши ишлик бўлади.
- Йил охиригача туманимизда жами 25 миллион 679 минг АҚШ доллари қийматига тенг миқдорда маҳсулот экспорт қилиниши режалаштирилган, унинг бир қисми эса аллақачон бажарилган, - дейди Булунғур туман ҳокимлиги Ахборот маркази раҳбари Аббос Жабборов.
Фурқат ТУРНИЯЗОВ.
(“Самаркандский вестник”дан Пўлат ЧЎМБОЕВ таржимаси).