БАРЧА “ОПЕРАЦИЯ”ЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА
Барчамизга маълумки, мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши курашдек, масъулиятли бу даврда ҳар бир соҳа вакиллари янада фидокорлик билан иш олиб бормоқда. Бу иллат билан курашишга божхона ходимлари ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида, юкларни божхона постлари орқали тезкорлик билан ўтказиш, уларнинг узлуксиз божхона расмийлаштирувини, шунингдек экспорт ва импорт қилинаётган товарларга рухсат берувчи ҳужжатларнинг берилишини тезлаштириш юзасидан Самарқанд вилояти божхона бошқармасида 24/7 давомида ишлар изчил олиб борилиши давом этмоқда.
Мавжуд эпидемиологик вазиятда ташқи савдо юкларини белгиланган санитария қоидаларига риоя этган ҳолда, қисқа муддатларда божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказиб, давлат бюджетига божхона тўловларини ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини таъминлашмоқда.
Кўриб турганингиздек, пост ва пунктларда хизмат олиб бораётган ходимлар шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиб, нафас олиш йўллари ҳимоя ниқоблари, қўлқоплар, кўзойнак, этик ва махсус ҳимоя кийимларини кийган ҳолда хизматни олиб бормоқдалар.
Бундан ташқари, “Самарқанд” ТИФ божхона постини автотранспорт воситаларининг кириш жойларида осма дизенфекция қилаётган ускунаси ўрнатилган бўлиб ҳар бир автотранспорт воситаси дизенфекция қилинган сўнг божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилмоқда.
Шунингдек, осма дизенфекция ускунасидан ўтилгангандан сўнг ҳар бир автотранспорт воситасининг алоҳида орқа, олди ва ён томонлари, ғилдираклар ҳамда товар ортилган қисми вилоят Санитария эпидемологик осойишталик маркази ходимлари томонидан дезинфекция тадбирлари амалга оширилмоқда.
Божхона постлари ва пунктларнинг кириш ва чиқиш жойларида дизенфекция йўлакчалари ташкил этилиб, ушбу йўлакчаларнинг ҳар бир соатида дизенфекциялаш чоралари кўрилган.
Энг асосийси шуки, карантин даврида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, барча ҳудудлардаги озиқ-овқат дўконларини кундалик зарурий маҳсулотлар билан таъминлаш, нархларнинг ошиб кетишини олдини олиш борасида қатор ишларни амалга оширишмоқда.
Тизимда амалга оширилаётган ишлар самарасини 2020 йилнинг 1 май кунига кўра, Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан 13 116 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилган.
Импорт божхона режимига расмийлаштирилган товарлар ҳажми 297,37 млн. АҚШ долларини ҳамда экспорт божхона режимига расмийлаштирилган товарлар ҳажми 93,57 млн. АҚШ долларини ташкил этди.
Экспорт товарларининг асосий қисмини мева ва сабзавотлар, тўқимачилик йигирилган ип ва матолар, кийим-кечак ва кийим-кечак анжомлари, ҳайвонлар учун озуқалар ва бошқа енгил саноат маҳсулотлари, импорт товарларини эса чўян ва пўлат маҳсулотлари, аниқ соҳалар учун махсус мўлжалланган машиналар, технологик-ускуналар, тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотлари кабиларидан иборат.
Самарқанд вилоятида фаолият олиб борувчи экспортёр “Hakan Agro Export” МЧЖ раҳбари Мамадали Рахимовнинг таъкидлашича, корхона 2019 йилда 1 млн АҚШ доллари миқдорида жорий йилнинг 1 май кунига қадар эса, 300 млн АҚШ доллари миқдорида дуккакли дон экинларини экспорт қилган. Корхона 2020 йилга 3 млн АҚШ доллари миқдорида дуккакли дон экинларини экспорт қилишни режалаштирган.
Вилоятдан экспорт қилинган товарларнинг катта улуши Россия, Тожикистон, Туркия, Қозоғистон, Хитой, Ироқ, Озарбайжон, Польша давлатларига тўғри келган бўлса, товарларнинг импорти асосан Хитой, Туркия, Россия, Қозоғистон, Эрон, Туркманистон каби давлатлардан амалга оширилган.
Бошқарма томонидан 2020 йилнинг 1 май кунига кўра импорт қилинган товарларга қонунчиликда белгиланган ставкалар асосида жами 404,65 млрд. сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган.
Умуман хулоса ўрнида шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, бугунги карантин ҳолатига қарамасдан божхона органлари тизимида ҳам тадбиркорлар томонидан импорт-экспорт операцияларини амалга ошириш тизимида ҳам ишлар узулишларсиз изчил олиб борилмоқда.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати