ЎЗГАНИНГ ҲАҚИ БУЮРМАЙДИ
Пайғамбар саллаллоҳу айлайҳи вассалам айтдилар: “Қай бир киши тоъун (пандемия) етса ва уйда сабр билан ва савоб умидида ўтирса ҳамда ўзига Аллоҳ ёзганидан бошқа нарса етмаслигини билса, илло унга шаҳиднинг ажричалик савоб бўлади”. (Имом Бухорий Саҳиҳларида ривоят қилганлар).
Бу ҳадис ҳамма сабр қилган савоб умид етган ва таваккул қилган кишиларга тааллуқлидир. Бу ҳадис ўз бобида улуғ калит бўлиб, унга амал қилганларга катта манфаатлар хазинаси очилади. Шу кунларда уйида ўтирган, ваҳима қўзғамаган, касаллик тарқамаслигига ўз ҳиссасига қўшганларга Аллоҳ шаҳидлик мақомини берсин. Хасталарга эса Ўз ғайбий хазинасидан шифолар ато этсин.
Бугун кундалик ҳаётимизни бозорларсиз тасавур қилиб бўлмайди. Чунки, ҳар бир оилага қишлоқ хўжалик, озиқ-овқат маҳсулотлари керак бўлади. Худога шукр, кейинги 3 йил ичида бозор ва дўконларимиз аввалгидан ҳам сермаҳсул бўлди. Нархи арзонлашди. Лекин, коронавирус эпидемияси республикамизда қайд этилган дастлабки кунда туманимизда ҳам кимнинг ким эканлиги билиниб қолди. Баъзи бир ноинсоф савдогар ва тадбиркорлар халқнинг бошига иш тушганидан фойдаланиб қолмоқчи бўлишди. Маҳсулотлар нархини кўтармоқчи бўлишди. Хайриятки, тезликда масъул идоралар томонидан олиб борилган назорат туфайли нарх-наво дарров жойига тушди. Айни пайтда ҳамма нарса худди олдингидек мўл-кўл ва арзон нархда сотилмоқда.
Ана шундай паллада ўйлаб қоламан. Халқимиз қандай оғир кунларни кўрмади, бошидан қандай кунларни ўтказмади. Ҳаммасини ҳамжиҳатлик билан, сабр-қоноат билан енгди. Ишончим комилки, ҳамжиҳатлигимиз, сабр-қаноатимиз туфайли айтилган топшириқларга сўзсиз амал қилишимиз билан бу касалликни ҳам енгамиз.
Бугун барча одамлар бу касаллик бекордан бекор келмаганини яхши тушунишлари керак. Ахир ўзимиз эмасми, борига шукр қилмаганимиз, оёғимиз ердан узилган. Ким ўзарга тўйлар қилганимиз, энг азаз неъмат - нонни молга берганимиз. Худони эсдан чиқарганимиз. Шунинг оқибати эмасми? Фарзандларимизга тўғри тарбияни беролмаганимиз оқибатида жиноятлар ошиши, ажримлар кўпайиши етимлар ноласини кўкга етказмаганмикан? Болаларимиз ва невараларимизга китоб олиб бермасдан, бу пулга ароқлар олинди, айш-ишратлар қилинди. Шу туфайли болаларимиздаги маънавий билимлар саёзлашди. Яхши ёмонни ҳалол-ҳаромни фарқламай қолди.
Лекин, ҳали ҳам кеч эмас. Шу келган офат бизга синов бўлиши, тезда ўзимизни йиғиштириб олишимиз зарур. Гуноҳларимизни камайтириб, яхшилигимизни кўпайтиришимиз керак. Зеро, бугун жуда кўпчилик ҳидоят сари юзланди. Республикамизнинг ҳамма жойларида савоб ишни қилаётганлар, етим-есирларга эҳсон қилаётганлар, коронавируснинг олдини олишда муҳим бўлган тиббий воситалар билан бепул таъминлаётган саховатпешалар кундан кунга кўпайиб бормоқда. Уларнинг хайрли ишларини қўллаб-қувватлаймиз.
Биз нуронийлар эса ҳар куни ҳар соатда яратган Эгамдан юртимизга тинчлик, халқимизга соғлиқ ва хотиржамлик тилаб дуолар қилаяпмиз. Мамлакатимизга кириб келган коронавирус касаллигини ҳам эсон-омон енгиб ўтишимизга худонинг ўзи мададкор бўлсин.
Отабой ҳожи ИСАБОЕВ,
“Эрганакли” МФЙ.