КОРОНАВИРУС – СИНОВ ВА МАСЪУЛИЯТДИР
2020 йил 15 март. Мамлакатимизда биринчи короновирусга чалинган шахс аниқланди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигида коронавирус инфекцияси кириб келишининг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш масалалари юзасидан Республика комиссиясининг йиғилиши ва оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани ўтказилди.
Йиғилишда белгиланишича, коронавирус сабаб Ўзбекистондаги барча ОТМ талабалари, коллеж, мактаб ўқувчилари ва мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига 16 мартдан таътил берилди.
Бундан ташқари, “Наврўз” умумхалқ сайллари ўтказилмайди. Шунингдек, оммавий маросимлар, жумладан, улоқ-кўпкари, кураш ва одамлар кўп тўпланадиган бошқа тадбирлар вақтинча бекор қилинади.
Шу билан бирга 16 мартдан Ўзбекистоннинг чет эл давлатлари билан авиа ва автомобиль қатновлари тўхтатилади, темир йўл орқали йўловчи ташишга уч кун давомида рухсат берилади. Бу қарор айни вақтда Россия ва бошқа давлатларда бўлиб турган Ўзбекистон поездларининг қайтиб келиши билан боғлиқ.
Ўз навбатида хориждаги Ўзбекистон фуқароларига ватанга қайтиш учун давлат чегарасидан ўтиш тақиқланмайди, Ўзбекистондаги хорижликлар учун ҳам ўз ватанларига қайтишларига рухсат берилади.
Ўзбекистон хорижда қолиб кетган фуқароларини чартер рейслар орқали эвакуация қилиши мумкин.
Ўзбекистон фуқаролари чет элга чиқишлари, чет эл фуқаролари Ўзбекистонга кириши вақтинча тўхтатилади. Ўзбекистон фуқаролари мамлакатга қайтишлари мумкин бўлади, қайтгандан кейин 14 кунлик карантинда бўлишлари талаб этилади.
Ҳукумат раҳбари карантин вақтида нарх-навонинг асоссиз ошириш ҳолатларига қарши кескин чоралар кўрилишини маълум қилди.
Карантин даврида осойишталикни таъминлаш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси озиқ-овқат ва бирламчи истеъмол маҳсулотлари нархларини қатъий назоратга олади.
Абдулла Арипов коронавирус бўйича асоссиз маълумот тарқатганларга чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирди. Хусусан, карантин вақтида ёлғон ва текширилмаган ҳамда одамларда ваҳима яратадиган хабарлар тарқатадиган шахсларга нисбатан амалдаги қонунчилик доирасида жиноий жавобгарликкача бўлган чоралар кўрилади.
Ўзбекистонга коронавирус кириб келиши муносабати билан карантин қоидаларини менсимаслик ёки уни бузганлик учун кўриладиган чоралар қатъийлаштирилиши маълум қилинди.
Коронавирус ҳақида ёлғон ахборот тарқатганлик ва аҳолида ваҳима уйғонишига сабаб бўлганлик учун Ўзбекистон қонунчилигига кўра жиддий жазолар қўлланиши мумкин.
Фуқаролар саволларига жавоб бериш учун call-марказ ташкил қилинади.
Тошкентдан вилоятларга қайтадиган талабаларга темир йўллари ва самолётларда 50 фоизлик чегирма берилади.
Барча давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан мажлис ҳамда бошқа тадбирлар ўтказиш вақтинчалик тўхтатилади.
Тиббий ниқобларни хорижга экспорт қилиш тўхтатилади.
Ўзбекистон ҳудудининг санитария муҳофазаси - бу аҳоли учун хавф туғдирувчи юқумли ва паразитар касалликларнинг кириб келиши ҳамда тарқалишининг олдини олишга, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудига инсон учун хавф туғдирувчи товарлар, кимёвий, биологик ва радиоктив моддалар ҳамда юклар олиб кирилишининг олдини олишга қаратилган тадбирлар мажмуидир.
Санитария муҳофазаси қуйидаги йўллар билан таъминланади:
- санитария-карантин назоратини амалга ошириш;
- чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиш.
Юқумли ва паразитар касалликларнинг пайдо бўлиш ёки тарқалиш хавфи юзага келган тақдирда Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тегишли ҳудудларда ёки объектларда белгиланган тартибда чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиши мумкин.
Чекловчи тадбирлар (карантин) ўтказиш тартиби ва муддатлари Ўзбекистон ҳукумати, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланади.
Ўзбекистон ҳудудининг санитария муҳофазаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа чора-тадбирлар билан ҳам таъминланиши мумкин.
Эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик бор.
Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш одамларнинг оммавий касалланишига олиб келса 11 миллион 150 минг сўмдан 22 миллион 300 минг сўмгача миқдорда жарима солиш ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликдан чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш одамнинг ўлимига сабаб бўлса, 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш одамларнинг ўлимига сабаб бўлса 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ваҳима тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик мавжуд.
Аҳоли орасида ваҳима чақиришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш 44 миллион 600 минг сўмдан 89 миллион 200 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш 66 миллион 900 минг сўмдан 89 миллион 200 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Юқоридаги ҳаракатлар:
- олдиндан тил бириктириб ёки бир гуруҳ шахслар томонидан;
- хизмат мавқеидан фойдаланиб;
- диний ташкилотлардан, шунингдек, чет эл давлатлари, ташкилотлари ва фуқароларидан олинган молиявий ёки бошқа моддий ёрдамдан фойдаланиб;
- оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекомуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Бу оддий огоҳлантириш эмас. Балки, одамларни жамиятда пайдо бўладиган таҳлика ва ваҳималарга берилмасликка чорлайди. Бир нарсани чуқур англаш муҳимки, қонун доирасида кўлланиши мумкин бўлган ушбу чеклов ва чоралар фақат ва фақат халқимиз манфаатига хизмат қилади. Ўзига хос синов даврида одамларни яна бир бор бирдамликда коронавирус тарқалишининг олдини олишга ҳамда асоратларини бартараф этишга ундайди.
Шуҳрат АБДУХАЛИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати