Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрининг бир гуруҳ актёрлари 9-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабига ташриф буюриб, Ш.Маҳкамов асари асосида саҳналаштирилган “Асл хазина” номли мусиқали комедия дастурини намойиш этишди. Спектаклдан кўзланган мақсад инсонларни тўғриликка, эзгуликка, ҳамиша ҳалол меҳнат қилишга, атрофдагиларга гўзал хулқ билан доимо ибрат бўлишга ундайди. Шунингдек, ўткинчи ҳою-ҳавас деб ўз нафсига қул бўлмасликка, ота-боболаримиздан қолган қадриятларни асраб-авайлашга чорлайди. Ундаги қаҳрамонларга мос равишда танланган актёрлар ҳам воқеаларни томошабинга маҳорат билан таъсирчан етказиб бера олдилар. Масалан, таниқли эл севган актёрлардан У.Шодмонов бош қаҳрамон “Эсонбой”, Н.Ҳасанова “Эркиной”, А.Латипов қўшни ролини, М.Тўрақул “Миршаб” ҳамда ёш актёрлардан Н.Маматов талаба ролини, Р.Қодирхонов “Теша” ва И.Умирова лўли ролини маромига етказиб ижро этишди.
- Мусиқали комедия жанрида ишланган саҳна кўринишида эзгулик ва тўғриликка чорлаш бош мақсад қилиб олинган, - дейди Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри актёри Расулхон Қодирхонов. - Ушбу спектакль инсонларни аҳилликка чақиради, ҳалолликни ўргатади, бир-бирларига меҳр-оқибатли бўлишга ундайди.
Спектаклда ичкиликка берилиб, уйда ишламай ўтирган ва чет давлатдан кийим-кечак олиб келиб сотаётган аёлининг орқасидан кун кўраётган эр, уйида хўжалик учун ишлатиладиган бюмлари бўла туриб нарса сўраб чиқадиган қўшнилар муносабати акс эттирилган. Шунингдек, ўқиш харажатларида қийналаётгани сабабли мардикорчилик қилаётган талаба, уйма-уй тиланчилик қилиб юрган лўли аёл образлари моҳирона очиб берилган. Миршаб ҳамда ўта замонавий йигит ва бошқа қаҳрамонларнинг текин бойликка учиб, бирининг қулоғи кар, бирининг кўзи кўр бўлиши, яна бирининг эсидан оғиб қолиши, бунинг натижасида, инсонлар ўртасидаги оқибатнинг йўқолиб бораётгани кўрсатилган. Саҳна кўриниши сўнгида эса барча қаҳрамонлар ўз хатоларини тушуниб, асл хазина меҳр-оқибат эканини англаб етишади. Спектакль ана шундай ибратли ва тарбиявий жиҳатлари билан барча томошабинлар кўнглидан чуқур жой эгаллади.
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ.