Туманимиз ҳудудини экологик тоза ҳолда сақлаш ва аҳолига санитар тозалаш хизматларини кўрсатиш ишларини янада яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 апрелдаги “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ бўлган ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси қошида “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси туман филиали ташкил этилганди. Ўтган давр мобайнида филиалимизтомонидан ташкилий ишлар амалга оширилиб, йўл хариталари тузилиб, жисмоний ва юридик шахслар билан тегишли шартномалар тузилди.
Айни пайтда филиалда 8 та чиқинди ташувчи махсус автомашина, 1 та мультилифт автомашина ҳамда юк ортишга мўлжалланган “Беларусь – 82,1” МТЗ трактори мавжуд бўлиб, туманимиз аҳолисига хизмат кўрсатиб келмоқда. Корхонамиз ишчи-хизматчилари ушбу автотранспорт воситалари билан туман ҳудудидан ҳар куни 40 тоннадан ортиқ маиший чиқиндиларни “Мингчинор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 5 гектар майдондаги чиқиндихона(полигон)га олиб чиқиб, зарарсизлантириш ва кўмиш ишларини амалга оширишмоқда.. Бир дона янги “ISUZI” русумли Ассонизатор автомашинаси аҳоли ва ташкилотларнинг маиший нуқталари (ҳожатхона, ҳаммом ва суюқ чиқиндилар)ини белгиланган шартнома асосида олиб чиқишга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, 2018 йил 28 июндан бошлаб Самарқанд вилоят ҳокимининг 416-сонли Қарори билан қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни йиғиш ва ташиб кетиш хизматлари таърифи бўйича хўжалик юритувчи субъектлар учун 1 тоннаси қўшимча қиймат солиғи билан 92.479 сўм ёки 1 куб. учун 55.370 сўм, аҳоли учун киши жон бошига бир ойга 2000 сўм қилиб белгиланган. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига қараганда бир суткада бир кишидан ўртача 700-800 граммгача маиший чиқиндилар чиқарилар экан. Ишчиларимиз ҳар куни махсус автотранспортлар воситалари билан белгиланган график асосида тумандаги барча маҳалла фуқаролар йиғинларига, корхона ва ташкилотларга шартнома асосида хизмат кўрсатиб келишмоқда. Бунда ҳар куни чиқарилаётган чиқиндиларга нисбатан тушадиган маблағ 1,4-1,5 миллион сўмни ташкил этмоқда. Ҳозирги пайтда туман марказининг белгиланган жойларига 24 дона чиқинди контейнерлари ўрнатилган.
Бугунги кунда айрим фуқароларимиз томонидан чиқиндиларни ушбу контейнерларга ташламасдан атрофларига ташлаб кетиш, ҳатто қути ичига чўғ солиш ва ёқиш ҳолатлари юз бермоқда. Контейнер қопқоқларини бузиб кетишмоқда. Бу эса ўз навбатида ишчи-ходимларимизнинг чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиб кетишларида тўсқинлик қилмоқда.
Яқинда ҳар бири 25.000.000. сўм турадиган 3 дона янги, замонавий, йирик ҳажмли чиқинди контейнерлари олиб келинди. Эндиликда уларни “Деҳқон бозори” ва шаҳримизнинг кўп қаватли уйлари яқинига ўрнатиш режалаштирилмоқда. Бу контейнерларнинг қулайлик томони шундаки, илгариги контейнерларнинг беш-олтитасининг ўрнини босиш билан бирга чиқиндилар тўлдирилган ушбу контейнерларни махсус автомашиналаримиз қурилма ёрдамида машинага юклаб кетиш хусусиятига ҳам эга.
Филиал томонидан ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадида, қаттиқ ва маиший чиқиндиларни тўплаш, сақлаш, транспорт воситаларида ташиш, жойлаштириш, зарарсизлантириш, кўмиб ташлаш, шунингдек, суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш ишларини амалга оширишмоқда. Келгусида ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида чиқиндиларни вақтинча йиғиш майдончаларини ташкил қилиш, маҳаллаларга, аҳоли гавжум жойларга яна қўшимча чиқинди контейнерлари олиб келиб ўрнатиш ва хизмат кўрсатувчи техникалар сонини кўпайтириб, туманимиз аҳолисига намунали хизмат кўрсатишни мақсад қилганмиз.
Алишер ШОДМОНОВ,
туман “Тоза ҳудуд” ДУК филиали бошлиғи.