1989 йил 21 октябрь...Ушбу сана, шубҳасиз мамлакатимиз ўтмишидаги энг қутлуғ саналардан бири. Зеро бу кунда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилиниб, мустабид тузум ҳукмронлиги давридаёқ халқимизнинг ўзига хос жасорати тимсолига айланган эди. Ва шуни алоҳида эътироф этиш лозимки, бу ҳужжат ўз вақтида халқимизнинг Истиқлолга бўлган умид-ишончини, миллий ғурур туйғусини кучайтирди, Мустақиллигимизнинг ўзига хос пойдевори вазифасини бажарди десак, асло муболаға бўлмайди.
Мутахассисларнинг фикрича, жаҳон аҳли бугунги кунда 7000 дан зиёд тилда гаплашар ва буни қарангки, уларнинг фақатгина 200 га яқинида давлат тили ёки расмий тил мақоми мавжуд экан. Ўтмишда 9000 дан ортиқ тил мутлоқ йўқолиб кетганлиги ҳам асослантирилади. Бирор бир тилнинг яшаб қолишини таъминлаш учун ундан камида 1 миллион киши фаол фойдаланиши керак, дейди соҳа ўрганувчилари.
Муболаға қилмаётган бўлсам, бугунги кунда Ер юзида 50 миллионга яқин аҳоли ўзбек тилида сўзлашади. Бу рақамлар Она тилимизнинг умрбоқийлигини мустаҳкам белгилаб турувчи омиллардан сўзлайди, албатта.
Халқимизда “олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ” деган ибора бор. Буни мен бежизга келтирмаяпман ва у айнан биз Ўзбекистондаги миллатдошларга қарата айтилган аччиқ сўздай туюлаверади. Нимага дейсизми, чунки биз дунёларга дарс берган буюк аждодларимизнинг мутлоқ меросхўри бўла туриб, яъниким, Ўзбекистон аталмиш обод диёрда фаровон ҳаёт кечириб, юрт тупроғи соғинчи, тилдошлар ва элдошлар соғинчи нима эканлигини ҳис қилмаган ҳолда умргузаронлик қилиб келмоқдамиз. Энди тасаввурга ҳам бир эрк бериб кўринг... қанчадан-қанча ўзбеклар айни пайтда ер юзининг турли нуқталаридаги бошқа мамлакатларда муҳожирликда, бошқа тузум, бошқача тутумда ҳаёт кечириб келишмоқда. Аммо уларнинг айнан ўз тилига бўлган эҳтироми бизни уялтириб қўядиган даражада бутунлай ўзгача.
Узоққа бормайлик, ёнгинамиздаги афғонистонлик ўзбекларнинг она тилимизга юксак эътиборини кузатиб, хижолат тортиб кетасан, киши.
Бош Қомусимизнинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир”, деб белгилаб қўйилган бўлса-да, ҳеч бир тилдан кам бўлмаган гўзал Она тилимиз ўз забонимизга тўлақонли қайтариб берилганига ва эркимиз қуёши бошимизда порлаб турганига ҳам нари-бериси билан 30 йил тўлди. Аммо бу давр ўзни таниб олмоқ учун асло камлик қилмайди!
Назаримда, бизда ўз она тилимизга нисбатан ҳурмат ва ғурур ҳисси озгина етишмаяпти.Туман ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан туман марказидаги асосий кўчалар ва марказдан олис бўлган қишлоқларда реклама баннерлари, пешлавҳалар ва турли хил ахборот матнларининг Давлат тили қонунига зидлари ўрганилиб чиқилди. ўрганиш давомида ачинарли аҳволга кўзимиз тушди. Жумладан,“химчистка”, “мойка”, “автозапчасти”, “замена масло” ва ҳоказо... каби бошқа ажабтовур битиклар ўрнида “кимёвий тозалаш”, “авто таъмирлаш”,“авто эҳтиёт қисмлари” ёки “мой алмаштириш” дея ёзиб қўйса бўлмайдими?! Рус тилида сўзлашувчи бирорта одам яшамайдиган олис қишлоқларнинг бирида “ходавой” деган хатоли ёзувини ҳам учратдик. Уста, ўзича, “автомобилнинг ҳаракатланувчи қисмларини таъмирлайман” демоқчи бўлаяпти. Менимча, бунинг ўрнига у “ҳаракатланувчи қисмлар таъмири” деб қўйиши лозим эди. Бу каби камчиликларни қайта такрорламасликлари тўғрисида тушунчалар берилиб, Давлат тили қонунига зид реклама баннерлари ва пешлавҳалар жойидан олиб ташланди.
Барча билиши лозим бўлган жиҳат шуки, Она тили шунчаки сўзлашув воситаси эмас, балки Ватанга муҳаббат, миллий ифтихор, аждодларга ҳурмат ва шунинг баробарида авлодларимизга иззат рамзи ҳамдир. Ўз тилини асраб-авайлаган халқ ўзлигини ҳам асраб-авайлаган бўлади.
Ғайратжон ШАМАНОВ,
тумани ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини
ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя
этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси.