Ўзбек тилининг мавқеи, аҳамияти ва ўрни ҳақида қанча гапирсак, қанча фахрлансак арзийди. Сабаби - она тилимиз давлат тили мақомига эга бўлган 100 та тилдан биридир. Ҳолбуки, дунёда бундай юксак мақомга эга бўлолмаган юзлаб тиллар мавжуд.
Кейинги йилларда ҳукуматимиз томонидан бу масалага катта эътибор қаратилаётгани барчамизни қувонтиради. Жумладан, 2019 йил 21 октябрь куни давлатимиз раҳбари "Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонга имзо чекди. Фармонга асосан "Давлат тили тўғрисида"ги қонун қабул қилинган куннинг улкан тарихий ўрни ва аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда 21 октябрь санаси юртимизда "Ўзбек тили байрами куни" деб белгиланди. Ушбу фармонда она тилимизнинг келгуси тараққиётига оид кўплаб масалалар қаторида алоҳида тузилма - Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш Департаменти ташкил қилинди.
Бу тузилма давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини, соҳага оид муаммоларни таҳлил этиб, бу борада ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаб келмоқда. Жорий йилнинг 20 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Мамлакатда Давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга биноан давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман ва шаҳар хокимликлари тузилмаларида раҳбарнинг маънавий-маърифий ишлаш самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий қилинди.
Шу қарор асосида туманимизда ҳам давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича ҳоким маслаҳатчиси лавозими ташкил қилинди. Юқоридаги фармон ва қарорлардан келиб чиқиб, биринчи навбатда янги ташкил этилган тузилмамиз учун аниқ иш режалари қабул қилдик. Айни пайтда иш режамизга асосан ишларни ташкил қилганмиз. Хусусан, туманимизда 55 та маҳалла ва юзлаб кўчалар мавжуд. Баъзи маҳалла ва кўчалар номи ҳеч бир маъно бермайдиган эскича номлар билан аталиб келинмоқда. Масалан, туманимиз маҳаллалардаги "Калқишлоқ", "Чувиллоқ", "Ёмонқуёнчи", "Девонатепа", "Чўчқатўби", "Сўлоқли", "Калтепа", "Жомонжар", "Капали" ва бошқа кўплаб қишлоқлар номи бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермайди.
Энди ўзингиз ўйланг, мамлакатимизда "Обод қишлоқ" дастури асосида мисли кўринмаган бунёдкорлик ишлари аллақачон бошлаб юборилган. Ҳар йили туманимиздаги ўнлаб қишлоқлар шу дастур асосида янгидан бунёд этилмоқда. Бир сўз билан айтганда, қишлоқлар ва гузарлар янгича чирой очмоқда. Йўллар, кўчалар ободонлаштирилмоқда. Шундай гузар ва кўчаларга юқоридаги номлари зикр этилган номлар асло ярашмайди. Чиройли маҳалла, чиройли кўчаларга чиройли номлар ярашади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 октябрдаги "Географик объектларнинг номлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ "Географик объектларнинг номлари соҳасидаги ишларини тартибга солиш чора-тадбирлар тўғрисида"ги 295-сонли қарори ижросини таъминлаш бўйича муайян ишлар қилинмоқда. Хусусан, туманимиздаги 1 та турдош маҳалла фуқаролар йиғини, 12 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 18 та қишлоқ аҳоли гузарлари, 51 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 597 та номсиз кўчалар ҳамда 4 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 6 та қонун талабларига жавоб бермайдиган ва 2 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 2 та турдош номли кўчаларга янги номлар бериш таклифи вилоят географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича комиссияга юборилди.
Хуллас, ўзбек тилининг келажаги, мавқеи, обрў эътиборини ҳеч ким четдан келиб таъминлаб бермайди. Бу тил бизнинг ота-боболаримиздан ўтиб келаётган энг катта бойлигимиздир. Бу тилнинг келажакда янада юксак обрў-эътиборга эга бўлиши ўзимизнинг ғуруримиз ва қатъиятимизга боғлиқ. Албатта, тил фақат расмий ҳужжатлар, тадбир ва тантаналар, баландпарвоз шиорлар ёки маҳалла гузар ва кўчалари номини ўзгартириш билан юксалиб қолмайди. Туманимиздаги ҳар бир ташкилот ўзини шу юрт тақдирига дахлдор, деб билган. Ҳар бир инсон тилимиз нуфузи обрў-эътибори учун курашмоғи керак бўлади.
Ғайрат ШАМАНОВ,
туман ҳокимлиги маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини
ошириш, "Давлат тили тўғрисида"ги қонун ҳужжатларига
риоя этилишини таъминлаш бўйича маслаҳатчиси.